20.12.2021

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ МАЖМУАСИДАГИ АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ.

2021 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон халқаро илсом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиали тингловчилари учун тасдиқланган дарс жадвалига мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий мажмуасида жойларда амалий машғулот ташкил қилинди.  Аввало тингловчиларга Имом Термизий ҳақида, у кишининг ҳаёт-фаолияти, мажмуа ҳақида батафсил маълуомт берилди.

 Имом Термизий мажмуасида жойлашган мақбара XI–XII аср меъморий ёдгорликларидан ҳисобланади. Мазкур мажмуа 1990  ва 2017 йилларда тўлиқ таъмирланиб, обод ва сўлим гўшага айланган. Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида фақир бир оилада таваллуд топган. Тарихчи Абдулкарим ас-Самъоний (1113–1167) Ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталгани ҳақида ёзади. Олим умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллуси билан ҳам аталган. Термизий бошқа кўплаб имомлар билан ҳам учрашиб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган. Ўша пайтда ҳадис илмида буюк юксалиш даври бўлган эди. «Кутуби ситта» – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб, камол топдилар. Ўз ижодий фаолияти даврида Ат-Термизий ўндан ортиқ асар яратди. Унинг диний-илмий меросидаги «ал-Жомеъ» асари, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Мазкур асар «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»), «ал-Жомеъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳиҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» номлари билан ҳам юритилади. Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавия» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») асари бўлиб, у «Аш-шамоил Муҳаммадия», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллаллоҳу алайҳи васаллам» номлари билан ҳам аталади.

Тингловчилар аллома қабрини зиёрат қилгандан сўнг, мажмуа билан тўлиқ танишдилар. Мажмуадаги масжид фаолияти, кутубхонадаги китоблар билан яқиндан танишишди. Имом Термизий мажмуасидаги мазкур амалий машғулот тингловчилар учун таассуротларга бой бўлди. Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Izoh qoldirish