14.12.2021

Буюк аллома Ал Ҳаким ат Термизий мажмуасига саёҳат.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиали 2021-2022 ўқув йили 3-давра тингловчилари 2021 йил 13 декабр куни тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ жойларда амалий машғулот ўтказиш мақсадида Ал Ҳаким ат Термизий мажмуасига ташриф буюришди. Тингловчиларга мазкур мажума ҳақида маълумот берилди. Бизга маълумки, Термиз шаҳрида 2500 йиллик тарихи давомида кўплаб иншоотлар — бақтрийлар қалъалари, буддавийлик ибодатхоналари, кушонлар подшолари қасрлари, термизшоҳлар саройлари, масжидлар, мадрасалар, миноралар, карвонсаройлар, бозорлар ва бошқа иморатлар ҳам шу жойларда қад ростлагани тарихий ҳақиқат. 

Тарихий ёдгорликлар орасида Ҳаким ат-Термизий мақбараси қадимий ноёб обидалардан бири саналади. Бу мақбаранинг XI асрлик тақдири қадимий Термизнинг тарихи билан узвий боғланиб кетган. Шунинг учун ҳам юқорида таърифини келтирганимиз гўзал маскан гарчи Термизнинг қадимий шаҳристони ўрни бўлса ҳам, Ҳаким ат-Термизий мақбараси жойлашган муқаддас зиёратгоҳ деб эътироф этилади. Кўҳна ва доимо навқирон Сурхон воҳаси нафақат ўзига хос қадимий тарихи, урф-одат ҳамда миллий ўзлигига эга диёр сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади балки Ислом дунёсидаги буюк Термизий тахаллусли алломалари билан ҳам донг таратган. Ана шундай алломалардан бири Ҳаким Термизийдир. Тарихий манбаларда ёзилишича, Ҳаким ат-Термизийнинг тўлиқ исми-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ибн Ҳорун ал-Ҳаким ат-Термизий деб келтирилган. 

Бу ўринда Абу Абдуллоҳ унинг куняси ҳисобланади. Муҳаммад исми, Али эса отасининг номи бўлган. Ҳасан, Башир, Ҳорун боболарининг номлари дейилади. Ҳаким алломага берилган унвон. Бу унвон одатда табобат илми вакилларига берилган. Лекин Ҳаким ат-Термизий “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида бу сўзга “ҳаким — илмнинг ички томонини тушунувчи”, деб изоҳ беради. Демак, бу ўринда ушбу номни унинг алломалигига берилган унвон дейиш мумкин. Термизий эса унинг туғилган ва яшаган жойига нисбатдир. Манбаларда Ҳаким ат-Термизийнинг 400 дан ошиқ асарлар ёзганлиги, бу асарлар дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларига бағишланганлиги хусусида маълумотлар берилган. Яна шу асарларнинг 50 дан ошиғи бугунги кунларгача етиб келган. Шулар орасида “Адаб ан-нафас” (“Нафс одоби”), “Ал-амсал” (“Масалалар”), “Арш ал-муваҳиддин” (“Ягоналик чўққиси”), “Ал-фуруқ” (“Фарқлар”), “ўавр ал-умур” (“Умр сўқмоқлари”), “Ал-ҳуқуқ” (“Ҳуқуқлар”), “Маърифат ал-асрор” (“Билиш сирлари”), “Ал-масоил ал-афана” (“Фан масалалари”), “Сифат ал-қулуб” (“Қалблар сифати”), “Табоқат ус-сўфия” (“Сўфийлар табақаси”), “Тафсир” (“Шарҳ”), “Тарих ал-машойих” (“Шайхлар тарихи”) ва бошқа асарлари Лейпциг, Берлин, Париж, Анқара, Лондон, Готтинген, Дамашқ, Рим, Штутгарт, Тошкент ҳамда бошқа кўплаб шаҳарларда сақланмоқда. 

Аллома ўз даврида халқ орасида ҳакимлик унвонидан ташқари муҳаддис, ҳофиз, зоҳид, имом, муаззин, саййид, хожа, ориф, шайх, вали сингари улуғвор нисбатлар билан ҳам сийланган. Бу ҳам алломанинг илм-фан оламида ғоят етук мутафаккир даражасига эришганлигини кўрсатади.  2006 йилдан бошлаб алломанинг мақбара мажмуасида кенг кўламда илмий тадқиқот, ёдгорликни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ҳаким ат-Термизий номи билан боғлиқ бу тарихий ёдгорликда, халқимиз ардоқлаб эъзозлаётган қадамжода, Жайҳун соҳилидаги табаррук масканда уни обод, гўзал, кўркам мажмуага айлантириш билан боғлиқ бунёдкорлик, яратувчилик ишлари натижасида обод масканга айланди. Бугунги кунда бу ерга борган одам ҳам улуғ аллома мақбараси, тарихий масканлар зиёратидан, ҳам ушбу маскандаги гўзаллик, орасталик, ободликдан баҳраманд бўлади.  Мазкур мажумада ташкиллаштириган амалий машғулот ҳам тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди. Зеро, халқимизнинг ўз юртига муҳаббати ва буюк сиймолари хотирасига бўлган юксак эҳтироми тўла ифодасини топади. Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Izoh qoldirish