07.12.2021

КОНСТИТУЦИЯМИЗ ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТИДИР.

2021 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиалида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан “Конституциямиз виждон эркинлигининг кафолатидир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Давра суҳбатида Термиз давлат университети Юридик факультети “Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи” кафедраси доценти, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши фахрий судьяси Норқувват Янгибоев, шунингдек минтақавий филиал раҳбар-ходимлари ва тингловчилар иштирок этишди. Тадбирда Н.Янгибоев сўзга чиқиб, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида қуйидагича маълумотлар берди: Конституция (лот. Consitutio –тузилиш, тузук) – давлат тузилишини, хокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати хамда шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция бу бизнинг фахр ва ифтихоримиздир. Конституция бу ҳар бир давлатнинг асосий рамзларидан бўлиб, унинг жаҳон давлатлари ўртасида қадр-қимматини билдиради. Халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналардан келиб чиқиб жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга жавоб берадиган Мустақил Ўзбекистонимизнинг бош қомуси,  юртимиз истиқлолга эришгач, янги мустақил давлат мақомини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати туғилгач, 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган. Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 29 йил тўлади. 1992 йил 8 декабрь мамлакат тарихида ўзига хос қадр-қимматга эга бўлган, унинг тараққиётида тенгсиз ҳуқуқий, сиёсий ва халқаро аҳамиятга эга сана сифатида қабул қилинган. Бош қомусимиз адолат, ҳуқуқ, эркинлик, тинчлик,  инсон манфаатларининг устунлиги, қонун устуворлиги каби демократик тамойилларни ўз ичида мужассам этган

Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:

  • инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг динини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг наслини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш.

Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситадиган бирорта ҳам модда йўқдир. Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар.

Бош Қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний эркинлик тўла таъминланди. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. 

Юртимизда виждон эркинлиги ҳар бир шахснинг ҳуқуқи сифатида Конституция ва қонунлар асосида мустаҳкамланган ва кафолатлангандир. Хусусан, Конституциянинг 31-моддасида ҳар кимнинг виждон эркинлиги ва хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатланган. Шунингдек, 61-моддасига биноан, "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар ва Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди".

Дарҳақиқат, Конституциямизнинг аксар қонунлари динимизда мўътабар бўлган манбалар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мос келади. Шунинг учун ҳам Конституциямиз қонунларига амал қилиш инсонни дунё ҳаётида бахтли, фаровон, тинч-тотув ва осойишта яшашини таъминлайди. Шундай экан Конституциямизда белгиланган қонунларга амал қилиб яшаш барча шу юртда яшаётган инсонларга зарур бўлади.

Бугун юртимизда кенг қамровли халқчил ислоҳотлар кечмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларнинг асл моҳияти ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ва шаъни юксак даражага кўтарилган.

Бинобарин, юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади. Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Муҳими бу давра суҳбати иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

 

Izoh qoldirish