06.12.2021

Динлараро бағрикенглик

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиали 2021-2022 ўқув йили 3-давра тингловчилари Ўзбекистон диёрида асрлар оша ҳукм сураётган динлараро бағрикенглик ва конфессиялараро мулоқотнинг амалий ифодаси сифатида Термиз шаҳридаги рус проваслав черковига амалий дарс доирасида кўчма машғулотга боришди. Александр Невский номидаги мазкур рус проваслав черкови XIX асрга оид бўлиб, асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётганининг амалий тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради. 

Дарҳақиқат Ўзбекистондаги динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик ўзининг чуқур тарихий илдизларига эга. Юртимиз ҳудуди минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари вужудга келган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлган.Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом билан бошқа динлар, маданиятлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди.

Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган бир пайтда турли маданият ва динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик, ўзаро бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилиб яшаши ҳозирги кундаги долзарб масалалардан бирига айланди. Шу сабабли ҳам Сурхондарё вилояти минтақавий филиали тингловчилари билан Термиз шаҳридаги рус проваслав черкоивда олиб борилган мазкур амалий дарс тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Izoh qoldirish

Izohlar