05.10.2023

Имом-хатиб ва отинойилар учун малака ошириш ўқувлари бошланди

2023 йил 5 август кунидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Тошкент шаҳар, Олмазор тумани имом-хатиблари ва отинойилари учун “Аҳоли радикаллашувининг олдини олишдаги долзарб масалалар” йўналишида 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди. Унда 50 нафар имом-хатиб ва 18 нафар отинойилардан иборат тингловчилар иштирок этмоқда.

Мазкур ўқувлардан кўзланган мақсад, диний соҳа ходимлари томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, адашган тоифалар таъсирига тушган шахсларни тўғри йўлга қайтариш бўйича билим-кўникмаларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Шу сабабли малака ошириш ўқувларига соҳанинг етук ва тажрибали профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Жумладан, ўқувларнинг биринчи куни Дин ишлари бўйича қўмита Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ф.Абдурахимова “Давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини оширишда отинойиларнинг роли”, қўмита масъул ходимлари А.Қамбаров “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш усуллари (Ўзбекистон тажрибаси)”, Н.Шомирзаев “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва диний-маърифий материалларни таҳлил қилиш усуллари”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, юридик фанлари доктори Н.Юсупова “Миллий ва диний қадриятларнинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни”, Академия доценти, PhD А.Саттаров “Ёшлар муҳитида дин асосида радикаллашув ва унинг олдини олишнинг ижтимоий-психологик методлари”, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, PhD А.Аллоқулов “Мотуридий таълимоти асослари”, PhD Ш.Жўраев “Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, радикализм ва экстремизмга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари” ва маркази илмий ходими И.Абдурахмонов “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг жамиятда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни” ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими мудири М.Абдуллаева томонидан “Маҳаллаларда оилавий ажримларни олдини олишда отинойиларнинг роли” мавзуларида дарс машғулотлари бўлиб ўтди.

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Izoh qoldirish