13.02.2023

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ДИН ВА ИЛМ-ФАН РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИ ҲУЗУРИДАГИ МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ МИНТАҚАВИЙ ФИЛИАЛИДА АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 582 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН “АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ДИН ВА ИЛМ-ФАН РИВОЖИДАГИ ЎРНИ” МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР

МАЪЛУМОТНОМАСИ

                

                Бугунги кунда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

         Ҳудди шундай тадбирлардан бири 2023 йил 9 февраль куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва тингловчилари иштирокида “Алишер Навоийнинг дин ва илм-фан ривожидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

         Навоий маънавий мероси, замон ва макон чиғириқларидан муваффақиятли ўтиб, яшаб келаётган барҳаёт умуминсоний ғоялар тизимидан муносиб ўрин олган. Ваҳоланки, унинг инсонпарварлик ғоялари ва амалий фаолияти ўз даври сарой айёнлари, сиёсатчилари томонидан хушланмаган бўлса ҳам, очиқчасига хиёнат йўлини тутган бўлсалар ҳам ўз ақл-заковати билан бундай синовлардан доимо муваффақият билан ўтарди. Биз учун муҳим жиҳати, мутафаккирнинг ўз даври ва унгача бўлган даврлардаги олам, борлиқ, одам ва жамиятга доир фалсафий қарашлардаги мафкуравий ёндашувларда ўта холис, ирфоний-маърифий, яъни илмий муносабатда бўлганлигидир.

      

         Ҳазрат Мир Алишер Навоий ислом арконларидан, диний билимлардан етарлича хабардор бўлганларини яхши биламиз. Ҳазратнинг “Сирожул-муслимин” номли асари айнан ислом рукнларига бағишланган.

         Китобнинг битилиш сабабида келтирилишича, кунларнинг бирида бир самарқандлик ростгўй, билимдон зот Ҳазрат Навоийнинг ҳузурига келиб, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг илтимосини етказади. Хожа Аҳрор Ҳазрат Навоийдан ислом динидаги рукнлар, фарз, суннат ва вожиб амаллар хусусида содда, ҳаммага тушунарли тилда назмий рисола битишни илтимос қилган эканлар.

         Шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,

Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,

Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.

         Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:

“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,

Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,

Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.

         Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти:  “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.

         Шунингдек, маънавий-маърифий тадбир давомида буюк мутафаккир, шоир Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли, фаолияти давомида илм-фан эгаллаш, бадиий ижод ва адабиётни ривожлантириш, масжид-мадрасалар қуриш, аҳолини сув билан таъминлаш, солиқларни енгиллаштириш, муҳтожларга моддий ёрдам бериш каби ишларни амалга оширганликлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

         Тадбирда ҳар бир киши буюк мутафаккирнинг ибратли ҳаёт йўли, ижоди ва жаҳон илм-маърифатига қўшган хиссаси ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

 

 

Izoh qoldirish