01.11.2022

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Қўмондонлик таркиби офицерлари учун ташкил этилган малака ошириш ўқувлари ҳақида МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2022 йилнинг 17-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги Қўмондолик таркиби офицерлари учун “Ҳарбий хизматчиларда бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш асослари” йўналишида 72 соатлик малака ошириш ўқувлари ташкил этилди. Мазкур ўқувларда жами 20 нафар тингловчилар иштирок этди.

Малака ошириш ўқувлари учун 72 соатлик ўқув режа асосида дарс жадвали ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди. Тасдиқланган ўқув режага мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида кўтарилган масалалар таҳлили”, “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари”, “Ўзбекистонда фаолияти кузатилаётган экстремистик оқимлар ва норасмий диний жамоалар”, “Ҳарбий хизматчилар орасида бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга доир тавсиялар”, “Ҳарбий хизматчиларда ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришда ахборот истеъмоли маданиятининг ўрни”, “Ислом дини манбалари ва уларда инсонпарварлик, ватанпараварлик ғоялари-нинг акс этиши” ҳамда “Ислом динида соғлом эътиқод тушунчаси” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.

Мазкур малака ошириш ўқувларидан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчиларда ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликварпарлик ғоялари тўғрисида, шунингдек, ҳарбий хизматчилар шахсий таркиб офицерлари ва фуқаролар билан ишлаш жараёнида  турли ёт ғоялар: экстремизм, терроризм, ақидапарастлик, миссионерлик ғояларига қарши курашда иммунитетларини мустаҳкамлашдан иборат. 

Тингловчиларнинг дарсдан бўш вақтларини самали ва мазмунли ташкил этиш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу тадбирлар режасига мувофиқ, дарс машғулотларидан сўнг тингловчилар учун пойтахтимиздаги “Ҳазрати имом” мажмуаси ҳамда “Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази”га ташрифлар уюштирилди. Шунингдек, тингловчилар Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинасида сақланаётган “Усмон мусҳафи” ва бошқа қадимий китоблар билан яқиндан танишдилар. Академия ҳудудида жойлашган “Юнусхон”, “Қалдирғочбий” ва “Шайх Ҳованди Тоҳур” мақбараларини зиёрат қилиб, уларнинг тарихи ва қайта тикланиш жараёнлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Ўқув курси якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Izoh qoldirish