14.10.2022

ДИНИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГЛАРИ УЧУН МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВЛАРИНИНГ 2-ДАВРАСИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2022 йилнинг 13 октябрь кунидан “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари учун 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди. Унда жами 84 нафар тингловчилар иштирок этмоқда.

Ушбу ўқувларнинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Махсудов “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимлари масъулияти”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, фалсафа фанлари доктори Матлуба Каххарова “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш”, Академия катта ўқитувчиси, PhD Обайд Муҳаммед “Араб тили (Муҳовара)” ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD Аҳмад Саад Даманҳурий томонидан “Ақидапараст контентларга илмий асосда раддия бериш услублари: халқаро тажриба” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.

Дарсдан сўнг тингловчилар пойтахтимиздаги “Ҳазрати имом” мажмуасига ташриф буюришди. У ерда “Қаффол Шоший” мақбараси, Бароқхон мадрасаси, “Мўйи муборак” мадрасаси, “Тилла шайх” ва “Номозгоҳ” масжидларини зиёрат қилишди ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг қурилиш ва ободлантириш  ишлари билан яқиндан танишдилар. 

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

 

Izoh qoldirish