14.10.2022

МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВЛАРИНИНГ 1-ДАВРАСИ ЯКУНЛАНДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида  “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари учун ташкил этилган 36 соатлик малака ошириш ўқувларининг биринчи давраси якунланди.

Мазкур ўқувларнинг учинчи куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, иқтисод фанлари номзоди Зокир Содиқов “Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш”, Академия катта ўқитувчиси Бекташ Бердиев “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” ҳамда 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD Аҳмад Саад Даманҳурий томонидан “Мотуридийлик таълимоти асослари” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.

Дарсдан сўнг тингловчилар пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюришди. Мазкур ёдгорлик мажмуаси тингловчиларда катта таассурот қолдириб, ундаги миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган рамзий қабр ва унинг атрофи, қатағон қурбонлари тўғрисида маълумот олишди.

Ўқувлар якунида тингловчиларга 36 соатлик малака ошириш ўқувларида иштирок этганликлари тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

 

 

Izoh qoldirish