ДИНИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГЛАРИ УЧУН МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВЛАРИ БОШЛАНДИ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2022 йилнинг 10 октябрь кунидан “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари учун 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди. Унда жами 90 нафар тингловчилар иштирок этмоқда.
Ушбу ўқувларнинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Махсудов “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимлари масъулияти”, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, PhD Мансур Мусаев “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD Аҳмад Саад Даманҳурий “Ақидапараст контентларга илмий асосда раддия бериш услублари: халқаро тажриба” ҳамда Академия катта ўқитувчиси Аъзамхон Қамбаров томонидан “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш масалалари (Ўзбекистон тажрибаси)” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.
Дарсдан сўнг тингловчиларнинг бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режага мувофиқ, ўқувларнинг биринчи куни тингловчилар пойтахтимиздаги “Ҳазрати имом” мажмуасига ташриф буюришди. У ерда “Қаффол Шоший” мақбараси, Бароқхон мадрасаси, “Мўйи муборак” мадрасаси, “Тилла шайх” ва “Номозгоҳ” масжидларини зиёрат қилишди ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг қурилиш ва ободлантириш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.
Izoh qoldirish