04.10.2022

БОШ ИМОМ-ХАТИБЛАР УЧУН НАВБАТДАГИ МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВЛАРИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2022 йилнинг 19 сентябрь кунидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Вилоят, туман/шаҳар Бош имом-хатиблари учун “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишида 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди.

2022 йил 19 сентябрь куни мазкур ўқувларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон хақаро ислом академияси ректори М.Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Н.Холиқназаров иштирок этди.

Ушбу ўқувларнинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, академик Акмал СаидовИнсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Актам Муҳаммадиев “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, PhD Минхожидин Хожиматов томонидан “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.

Мазкур малака ошириш ўқувларидан кўзланган мақсад Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда диний соҳа ходимлари олдида турган диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий ишларни янада жадаллаштириш, ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашга қаратилган тарғиботларни кенг кўламда ташкил этиш, айниқса, имом-хатибларнинг фуқаролар билан ишлаш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакилларини жамиятга қайтариш билан боғлиқ фаолиятларини самарали ташкил этиш механизмлари билан қуроллантиришдан иборат.

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Izoh qoldirish