04.10.2022

ОТИНОЙИЛАР УЧУН НАВБАТДАГИ МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВЛАРИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2022 йилнинг 3 октябрь кунидан “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишида Республикада фаолият юритаётган Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ва туман/шаҳар бош отинойилари учун 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди. Унда жами 90 нафар тингловчилар иштирок этмоқда.

2022 йил 3 октябрь куни мазкур ўқувларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилбар Ғуломова, Дин ишлари бўйича қўмита Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарида Абдурахимова ҳамда Малака ошириш маркази директори Х.Ахмедов иштирок этди.

Ушбу ўқувларнинг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Махсудов “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимлари масъулияти”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, фалсафа фанлари доктори Матлуба Каххарова “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш”, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, PhD  Мансур Мусаев “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD Аҳмад Саад Даманҳурий томонидан “Ақидапараст контентларга илмий асосда раддия бериш услублари: халқаро тажриба” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.

Мазкур малака ошириш ўқувларидан кўзланган мақсад Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда диний соҳа ходимлари олдида турган диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий ишларни янада жадаллаштириш, ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашга қаратилган тарғиботларни кенг кўламда ташкил этиш, айниқса, имом-хатибларнинг фуқаролар билан ишлаш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакилларини жамиятга қайтариш билан боғлиқ фаолиятларини самарали ташкил этиш механизмлари билан қуроллантиришдан иборат.

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

Izoh qoldirish