18.05.2022

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМАСИ ПОРТАЛИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиали Қашқадарё ва Сурхондарёлик имом-хатиб ва ноиблардан иборат бўлган 7-давра 1-2-гурух тингловчилари 2022 йил 18-май куни тушдан кейинги тадбирлар режасига асосан Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий мажмуасига саёҳат уюштиришдилар.

Ўрта асрларда яшаган кўпгина олимлар илм-фаннинг турли соҳаларига оид дунёвий фанлар билан бирга диний илмлар ривожига ҳам катта эътибор берганлар. Зотан диний илмлар жамият тараққиётида, инсонларнинг камол топиши ва уларнинг дунёқарашининг шаклланишида алоҳида роль ўйнаган.

Жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан бири — машҳур муҳаддис (ҳадис илми олими) Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн ад-Даҳҳок ас-Сулламий (умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан ад-Дарийр тахаллуси билан ҳам аталган) ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 209 (милодий 824) йилда Термизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди. Марказий осиёлик машҳур олим ва тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (113/1167) «Ал-Ансоб» номли асарида ёзишича, ат-Термизий Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғида вафот этганлиги учун унинг номига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган. Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Чунончи, ёзма манбалар ва тарихий осори-атиқалардан маълумки, ўрта асрларда Термиз ҳам Марказий Осиёнинг Урганч, Бухоро, Самарқанд сингари илм-фан ва маданияти ривожланган шаҳарлардан бири бўлган. Мана шундай маданий муҳитда ўсган ат-Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан — илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимлари — машҳур муҳаддисларидан таълим олади. Унинг устозларидан имом ал-Бухорий, имом Муслим, имом Абу Давуд, Қутайба ибн Саъийд, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддисларни кўрсатиш мумкин. Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда ат-Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган.

Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган. Ҳадис илмидаги унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд, Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад ан-Насафюн, ал-Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий ва Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни санаб ўтиш мумкин. Мусофирчиликдан қайтган ат-Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонди ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди. У 279 ҳижрий (милодий 892) йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Ат-Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. «Ал-жомиъ» («Жаъмловчи»). «Аш-шамоил ан-насавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»), «Ал-илал фи-л-ҳадийс» («Ҳадислардаги оғишишлар»), «Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Ат-тарих» («Тарих»), «Китоб аз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ул-асмо ва-л-куна» («Исмлар ва лақаблар ҳақида китоб») каби асарлар шулар жумласига киради.

Ат-Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, «Ал-жомиъ» бўлиб, аввал эслатиб ўтганимиздек, пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда «Ал-жомиъ ал-кабир» («Катта тўплам»), «Ал-жомиъ ус-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Жомиъат-Термизий» («Термизий тўплами»), «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади.

Саёҳат давомида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar