Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида давра суҳбати
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Самарқанд вилояти минтақавий филиали 6-давра тингловчилари 2022 йил 11 апрель куни тушдан кейинги тадбирлар режасига асосан Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида давра суҳбати ташкил этилди.
Тингловчиларни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кутиб олиб, ушбу марказнинг фаолияти билан таништириб ўтди.
Тадбир давомида тингловчилар марказда ташкил этилган музей билан танишдилар.
Дарҳақиқат музейга кирган киши асл илм манбаидан куч олиши табиий, ўзингизни руҳан поклангандек сезасиз. Музей марказига "Саҳиҳи Бухорий" китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари қўйилган.
Марказда алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодлар бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш учун барча керакли шароитлар яратилган дейди О.Муҳаммадиев. Бу борада хориждаги нуфузли халқаро илмий марказлар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.
Тадбирда ҳар бир киши буюк муҳаддиснинг ибратли ҳаёт йўли, ижоди ва жаҳон илм-маърифатига қўшган хиссаси ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Izoh qoldirish