05.03.2022

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида давра суҳбати

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Самарқанд вилояти минтақавий филиали 5-давра тингловчилари 2022 йил 4 март куни тушдан кейинги тадбирлар режасига асосан Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида давра суҳбати ташкил этилди.

 

   Ушбу даргоҳга кирганданоқ унинг мазмун-моҳиятини ифода этиб, марказнинг илму урфон, зиё маркази эканлигини намоён этади. Шунингдек, гумбазда Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобларида келтирилган биринчи – “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқдир”, деган ҳадиси битилдики, бу марказнинг ташкил этилиши бизнинг эзгу ниятларимиз билан боғлиқ, деган маънони ифодалайди. Буюк аждодларимизнинг руҳини шод этиш, файзли Ўзбекистонимизнинг муборак заминида макон топган ҳаётий билимларни яна шуълалантириш бизнинг эзгу ниятларимиздир. Марказда ташкил этилган музейга кирган киши асл илм манбаидан куч олиши табиий, ўзингизни руҳан поклангандек сезасиз. Музей марказига "Саҳиҳи Бухорий" китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари қўйилган. Имом Бухорий ҳазратлари ўз­ларининг илмий сафарлари чоғида Бағдодда ҳадис илми билан шуғулланиб, мукаммал ҳадислар тўпламини яратгани ва уларни ёд олганларига Бағдод уламолари шубҳа билан қарайди. Шу сабабли улар Имом Бухорийни таклиф этиб, у кишининг илмларини синовдан ўтказишади. Музей тўридаги деворда ишланган суратда ушбу жараён акс эттирилган бўлиб, бу мазкур масканга келган киши қалбида буюк муҳаддис бобомиз билан фахрланиш туйғусини жўш урдиради.

    Марказда алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодлар бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш учун барча керакли шароитлар яратилган. Бу борада хориждаги нуфузли халқаро илмий марказлар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб борилади, деди маърузачи  Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Диний-маърифий бўлим бошлиғи Т.Эвадуллаев.

Тадбирда ҳар бир киши буюк муҳаддиснинг ибратли ҳаёт йўли, ижоди ва жаҳон илм-маърифатига қўшган хиссаси ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Izoh qoldirish