04.03.2022

Абу Абдулло ал-Ҳаким ат-Термизий мажмуасига саёҳат.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти минтақавий филиали 5-давра тингловчилари 2022 йил 3-март куни тушдан кейинги тадбирлар режасига асосан Абу Абдулло ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилдилар.

Кўҳна Сурхон воҳаси ўзининг мард ўғлонлари, танти полвонлари билангина эмас, балки ислом дунёсидаги буюк Термизий нисбатли алломалари билан ҳам донг таратган.

IX асрда қурилган ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси Термиздаги қадимий меъморий ёдгорликдир. Бу турли давр қурилишлари мажмуаси бўлиб, ягона бир бутун меъморий обидани ташкил этади. Обида XI, XII, XIII ва XV асрларда Эски Термиз қалъасининг шимоли-ғарбида барпо этилган.

Бу ерда IX асрда яшаган суфийлик–ҳакимийлик (диний файласуфлик) йўналишининг ташкилотчиси, машҳур диний-фалсафий асарлар муаллифи, дин арбоби, йирик зоҳид Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али бин Ҳусайн ал-Ҳаким ат-Термизийнинг хоки ётибди.

Ал-Ҳаким Термизий мақбараси қадимги хонақоҳ ҳужраларидан бирига қурилган. Ат-Термизий шу ерда мурид-шогирдлари ва бошқа дарвешларни қабул қилган, улар билан суҳбатлашган. Вафот этгач, шу хонақоҳда дафн қилинган.

Мақбара – умумий кўриниши анъанавий усулда пишиқ ғиштдан бунёд этилган, атрофида бир неча ҳужралари бор. Мақбаранинг марказий қисмида (айлана гумбаз тагида) Ҳаким ат-Термизий сағанаси жойлашган.

Абу Абдулло ал-Ҳаким ат-Термизий тахминан, мелодий 880 йили Термизда вафот этган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий тасаввуфнинг “Ҳакимия” мактаби асосчиси саналади. Ат-Термизий кўплаб шаҳар ва мамлакатларни кезган, замонасининг етук олимлари билан суҳбатда бўлган эди. У нафақат Ислом динини балки буддавийлик, насронийлик динларини ҳам ўрганди. Унинг бундай кенг дунёқараши ва доимо изланувчанлиги кўплаб қимматли асарларнинг яратилишига сабаб бўлди. Тахминларга кўра, буюк мутасаввиф олим ўзининг узоқ ҳаёти давомида (баъзи манбаларга кўра 120 йил умр кўрган) 400 дан ортиқ қимматли асарлар қолдирган, лекин бизгача уларнинг 60 га яқини етиб келган холос. Ушбу қўлёзмалар ҳозирги кунда Париж, Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Искандария ва Истамбул кутубхоналарида сақланиб, ўрганилиб келинмоқда.

Унинг «Жомеъ ул-усул» номли ҳадисга бағишланган қўлёзмаси Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси кутубхонасида сақланмоқда.

Аллома мероси араб мамлакатларида кенг равишда ўрганилмоқда. Мисрдаги «Ал-Азҳар» Ислом университети олимларидан А. Бараканинг Ал-Ҳаким ат-Термизийга бағишланган икки жилдлик асарини чоп эттирган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий қабри устида барпо қилинган мақбара бугунги кунда кўплаб сайёҳлар томонидан зиёрат қилинадиган жойга айланган.

Izoh qoldirish

Izohlar