FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Таълим  жараёнини  педагогик  технологиялар  ва  ахборот  коммуникацион   технологиялар  асосида  такомиллаштириш

    Президентимиз  И.А.Каримов  ташаббуси  билан  2014 йил  мамлакатимизда  “Соғлом бола  йили”  деб  эълон  қилинди. Маърузада  таъкидланганидек,  соғлом  болани   вояга етказишда  таълим-тарбиянинг  ўрни  ва  таъсирини  янада  кучайтириш зарур.

Таълимнинг  сифатини  ошириш,  таълим  стандартлари,  ўқув  дастурлари,  дарслик  ва қўлланмаларни такомиллаштириш,  илғор  педагогик  ва  ахборот-коммуникация технологияларни  кенг  жорий  этиш  тақозо  этилади.  Таълим муассасаларида  ташкил этиладиган  педагогик  жараёнларнинг  бугунги  вазифаси  ўқувчиларни  кун  сайин   ошиб бораётган ахборот  таълим  муҳити  шароитида  мустақил  равишда  фаолият  кўрсата олишга,  ахборот  оқимидан  оқилона  фойдаланишга  ўргатишдан  иборатдир.  Бунинг учун уларга  узлуксиз  равишда   мустақил   ишлаш  имкониятини  яратиб  бериш  зарур.Ўқитиш сифатини  ошириш,  ўқитиш  методикасининг  тубдан  такомиллаштиришни  тақозо  қилади, ўқитиш  методикасининг  такомиллаштириш  эса  ўқитувчининг  турли-туман  техникавий воситалардан  фойдаланишига  боғлиқ.Умумий  ўрта  таълим  ва  касб  ҳунар  коллежлари  таълимини  ривожлантиришда  инновацион  технологияларни  жорий  этиш,  таълимни  бошқаришни  такомиллаштиришни  тақозо  этади. Илғор  ўқитувчилар  фаолияти  ўрганилганда,    ўқувчига  нисбатан  ишонч,  мустақил  фикрлашга  имкон  яратиш,  ҳамкорлик  қилишга  интилиш  яққол  кўзга  ташланади.  Таълим  жараёнида  ташкил  этилаётган  турли  тадбирларни  тайёрлашга  ноанъанавий  ёндашув  тадбир  жараёнини  қизиқарли  қилади.Мактаб ва   коллежларда  ўқитиладиган  ижтимоий  фанларнинг самаралилиги  ўқитувчининг  материални  кўргазмали  баён  қилишига,  ўқитишнинг  тасвирий  ва  овозли  техникавий  воситалардан  фойдаланиб,  жонли  образлар  ярата  олишига  боғлиқ.Жумладан,  тарих,  ҳуқуқ,  иқтисод,  миллий  ғоя  фанларида  ахборот-коммуникацион технологияларининг  мультимедиа  воситалари  асосида  ўтилиши  ўқув  материалларини  образлар  кўринишида  ифодалашдек  муҳим  имконияти  мавжуд.  Мавзуга  оид  видеороликлар,  тарихий  фильмлар, слайдлар  дарсларнинг  янада  самарали  ва  қизиқарли  бўлишига  яқиндан  ёрдам  беради.Маълумотларни  матн  кўринишида  эмас,  балки  образлар  кўринишида  тақдим  этиш  ахборот  технологияларининг  таълим  тузилишида  ўзига  хос  инқилобий  жараёнини  ифодалайди.  Маълумотномаларни    образлар  кўринишида  тақдим этиш  ўқитишга  ва  фикрлашга  кескин  равишда  таъсир  этиши  мумкин.  Кўрилган  маълумот  эшитилган  маълумотга  нисбатан  хотирада  узоқ  сақланади,  ўқувчи  томонидан  осон  ўзлаштирилади  ва  унга  ижобий  таъсир  этади.Таълим  жараёнида  АКТларнинг  самарали  қўлланилиши нафақат  ўзлаштиришга  ижобий  таъсир  этади,  балки  ўқувчиларнинг  шахс  сифатида  шаклланишига,  мустақил  ишлаш  кўникмасининг  ривожланишига  ҳам  ижобий  таъсир  этади.   Ўқувчиларда  мультимедиали  ахборот-технологиядан  фойдаланиш  сифатларини  шакллантириш  учун қуйидаги  вазифаларни  амалга  ошириш  лозим:•Ўқувчиларда  дарсда ва  дарсдан  ташқари  вақтларда  мультимедиали  ахборот-технологияларидан  фойдаланиш  сифатларини  шакллантириш  ва  ўстириш;•Ўқувчиларда  мультимедиали  ахборот  технологиядан  фойдаланиш  сифатларини  шакллантириш  жараёнига  таъсир  этувчи  асосий  шарт  шароитлар  ва  омилларни  аниқлаш;Шундай  экан,  умумий  ўрта  таълимда мактаб  фанларининг  электрон  вариантларини  яратиш  ва  улардан  фойдаланиш;  дарсларда  ўтиладиган  педагогик  технологияларнинг  электрон    вариантлари,  ўқитувчилар  учун  қўлланиладиган  педагогик  технологияларнинг  мультимедиали  вариантларини  яратиш  ва  уларни  қўллаш  лозим.  Мультимедиали  ахборот  технологиядан  фойдаланиш  сифатларини  шакллантириш  ва  ривожлантириш  бўйича  ўқитувчилар  ва  ўқувчилар  учун илмий  методик  тавсиялар  ишлаб  чиқиш  лозим.Ўқувчилар  учун  бирор  фанни  ўзлаштиришда  шу  фан  бўйича  бир  қанча  маълумотларнинг  мавжудлиги,  ундан  фойдаланишнинг  осонлиги  ва  соддалиги,  уларда  ушбу  фанга  бўлган  қизиқишни  оширади.  Айниқса  мультимедиали  электрон  дарсликлар  кўргазмалиликни  таъминлайди  ва  дарс  олиш  ҳолатларининг  мавжудлиги,  тасвирларнинг  анимацион  ҳаракатлари  овозли  ёзувлар  ўқувчилар  диққатини  ўзига  жалб  этади.Бирор  бир  фаннинг  электрон  ўқув  мажмуаси  эса  ўқувчиларга  юқоридагидек,  имкониятлар  яратиши  ва  қизиқишлар  уйғотишидан  ташқари  ўқитувчилар  учун  ҳам  муҳим  дастур  ҳисобланади.  Чунки  унда  юқоридагилардан  ташқари  ўқитувчи  учун  зарур  бўлган  шу  фан  бўйича  давлат  таълим  стандарти,  фан  соатлари  ўқитлишнинг  намунавий  календар  режалари,  ўтказиладиган  назорат  ишлари,  мавзулар  ва  боблар  бўйича  тест  саволлари,  автоматик  бажариладиган  дастурлар  ва  бошқа  бир  қанча  имкониятлар  мавжуд.Хулоса  қилиб  айтганда  таълим  жараёнини  инновацион  ёндашув  асосида  олиб  борилса,  ўқувчилар  дарснинг  фаол  иштирокчисига  айланиб, дарсга  бўлган  муҳаббати  кучаяди. 

 Бошланғич  таълим  сифат ва самарадорлигини  оширишда  АКТ  имкониятларидан  фойдаланишДилдора  Пулатова“Мактабгача  ва  бошланғич  таълим”кафедраси  катта  ўқитувчиси“ХХI  аср – ахборот  технологиялари  асри”  деб  бежиз  айтилмаган.  Бугунги  кунга  келиб  таълим  соҳасида  кўплаб  ютуқларга  эришилмоқда. Айни  вақтга  келиб  таълим  соҳасида  самарали  ислоҳотлар амалга  оширилди.  Инновацион  технологияларга  асосланиб  дарсларни  ўтказиш  яхши  натижаларни  бермоқда.  Ахборот  коммуникацион  технологияларни  ўқув  жараёнида  қўллаш  жаҳон  амалиётида  кенг  қиррали  бўлиб,  унга  педагогик,  психологик,  дидактик,  ташкилий,  иқтисодий,  ижтимоий,  экологик  ва  бошқа  нуқтаи  назарларидан  ёндашиш  лозим.  Дарс  жараёни  мураккаб  ижодий  машғулотдир.  Унинг  самарадорлиги  кўп  жиҳатдан  ўқувчиларнинг  фаоллигига  боғлиқ.  Уларни  фаоллаштириш  учун  ахборот  технологиялари,  ўйин,  баҳс,  суҳбат,  мусобақа,  саёҳат,  конференция,  давра  суҳбати,  ролли  ўйинларни  қўллаш, китоб  билан  ишлаш,  компьютер  машғулотларига  кўпроқ  вақт  ажратиш  керак.Таълим  жараёнида  ахборот-коммуникацион  технологияларнинг  ўринли  қўлланилиши,  машғулотларнинг  қизиқарли  тарзда  ташкил  этилишига  олиб  келиши  билан  ўқув  материалларининг  чуқур  ўзлаштирилишига  кенг  имконият  яратиб  беради.  Педагогик  жараёнларга  таълимнинг   замонавий  технологияларини  киритиш,  ёшларни  мустақил  ижодий  ишлашга,  эркин  фикрлашга  ўргатишни  ҳозирги  давр  талаби  экан,  унинг  таълим-тарбия  билан  узвийлигини  таъминлаш  бугунги  кун  вазифасидир.    Ҳозирги  кунда  бошланғич синф  ўқувчиларининг  кўп  қисми  мактабга  чиқмасданоқ  компьютер  саводхонлигига  эга  бўлишмоқда.  Улар  компьютер  орқали  ҳар  хил  ўйинларни  ўйнашни,  компьютер  қисмларидан  қандай  фойдаланишни  боғча  ёшиданоқ  ўрганиб  олмоқда.  Шуларни  эътиборга  олиб,  бошланғич  таълимга   ахборот-коммуникацион  технологияларни   киритиш  талаб  даражасига    чиқмоқда.Ҳар  йили  ўтказиладиган  август  кенгашларининг  шўъба  йиғилишларида  ҳам  айнан  муҳокама  қилиниши  керак  бўлган  масалалар  қаторига  “Бошланғич  синфларда  ахборот-коммуникацион  технологиялардан  фойдаланиш”  мавзуси  киритилган.Ўқиш,  она тили,  математика,  табиат,  мусиқа, меҳнат,  саломатлик  дарслари  бўйича  дастурлар  асосида тайёрланган анимацияли,  сюжетли,  видеороликлардан,  слайдлардан  фойдаланиш  мақсадга  мувофиқдир.  Масалан  бошланғич  синфларда  атрофимиздаги  олам  ва  табиатшунослик  дарсларида  ахборот технологияларни  қўллаш  ўқувчилар  учун  ўз  ҳудуди  ва  болани  ўраб  турган  табиатга  бўлган  меҳр  ва  муҳаббатини  англаган  ҳолда  онгли  муносабатни  шакллантириш  имконини  беради.  Она  тили  ва  ўқиш  дарсларида мавзунинг  аниқ  маълумотларини  тушуниб олишга,  калит  сўзлар  билан  танишишга,  матнда  асар  қаҳрамонлари,  воқеалар  кетма-кетлиги  билан  танишишга  имкон  беради.  Меҳнат  дарсларида  янги  ғояларнинг вужудга  келиш  имконини  беради.  Мусиқа  ва  саломатлик  дарсларида  видеороликлар,  слайдлар  ўқувчиларнинг  мавзуни  жонли  ўзлаштиришлари  учун  самарали  натижа  беради.      Ушбу  йилда бошланғич синф, жумладан  1-синфларнинг  предметлари  учун таълим  маркази ва мультимедиа  маркази  томонидан  мультимедиали электрон қўлланмалар   тайёрланди.  Мультимедиали  электрон  қўлланманинг  афзаллик  томонларидан  бири  мавзуларга  тегишли  анимациялардан  гипермурожаатлаш  ёрдамида  фойдаланиш  имконияти  мавжуд.  Анимациялар  ҳаракат  ва  овоз  билан  бойитилиши  эвазига  ўқув  материалларининг  мазмунини  кенгроқ  ва  тушунарли  тарзда  ёритиб  беради.Хулоса  қилиб  айтганда,  ахборот-коммуникацион  технологиялари  ўқувчиларнинг  мустақиллик  ва  ўзини  бошқариш  ҳамда  ривожланишига  ёрдам  беради,  ўқувчининг  ҳаётда  фаол  иштирок  этиш  имкониятини  кенгайтиради.  Асосийси,  у  ўқувчиларнинг  коммуникатив  кўникма  ва  малакаларини  ривожлантиришга  ва  улар  ўртасидаги  ҳиссий  мулоқотни  ўрнатилишига  ёрдам  беради,  компьютер билан ишлашга ўргатади.Амалиётнинг  кўрсатишича,  дарс  жараёнида  ахборот коммуникацион технологиялардан  фойдаланиш  дарс  мавзусининг  муаммоли  масалаларига  диққатни қаратиш  имконини  беради.  Ахборот-коммуникацон  технологияларни  ўқувчиларга  улар  мактабда  таълим  олишни  бошланган  вақтдан  бошлаб  оммавий  равишда  ўқитишни  бошлаш  керак,  чунки  бу  даарда  ўқувчиларда  кўникмалар  тез  шаклланади.Хуллас  дарс  жараёнини  ахборот-коммуникацион  технологиялар  орқали  ташкил  этиш  ўзига  хос  сифат  ва  самарадорликни  таъмин  этади.

 Она  тили  дарсларида  ўқувчи  ижодкорлигини  ривожлантиришда  ахборот  технологияларининг  роли.Орипова  Азиза  Бухоро  вилояти  Ғиждувон  тумани  36-мактабнинг  она  тили  ва  адабиёт  ўқитувчисиМамлакатимиз таълим  тизимида  бошланган  туб  ислоҳотлар  давом  этаётган  ҳозирги  даврда  қалби,  онгини  миллий  мафкура  ва  мустақиллик  ғоялари  банд  этган,  юксак  билимли  ва  маданиятли  баркамол  авлодни  тарбиялаш,  уларда  ватанпарварлик,  шарқона  одоб-ахлоқ,  энг  маънавий-ахлоқий  фазилатларни  таркиб  топтириш  асосий  масалалардан  биридир.Ўзининг  буюк  келажагини    барпо  этаётган   Республикамизнинг  таълим-тарбияни  ривожлантиришда,  илғор  технологик  жараёнларни  жорий  этишда  ахборот  технологиялардан  фойдаланиш  жаҳон  андозалари  даражасида  рақобатбардош,  юксак  малакали  кадрларга  бўлган  эҳтиёж  яққол  сезилмоқда. Она   тили  дарсларида  ўқувчиларнинг  ижодкорлигини  муваффақиятли  бажаришига   эришиш  ҳамда  уларнинг  дунёқарашини  бойитиш,  ижодий  тафаккурини  ривожлантиришда  ахборот  технологияларидан  фойдаланиш  мақсадга  мувофиқдир. Мультимедиали  ахборот  технологиялари  жадал  суръатлар  билан  ривожланиб,  такомиллашиб  бораётган  айни  кунда  дарс  мазмунини  ўқувчиларга  тўлақонли  сингдириш  ҳамиша  долзарб  муаммо  сифатида  қолмоқда.  Хусусан  ўқувчиларнинг  билимларини  шакллантиришда  мультимедиали  технологиялардан  фойдаланган  ҳолда  дарсни  ташкил  этиш  ва  шу  орқали  ўқувчиларнинг  билим,   малака  ва  кўникмаларини  шакллантириш  масаласи  ҳали  етарлича  тадқиқ  этилган  эмас.  Шундай  экан,  республикамизда  таълим  жараёнига  ахборот  технологияларни  жадал  татбиқ  этиш  муҳим  вазифалардан  ҳисобланади.  Бу  вазифаларни  сифатли  амалга  ошириш  учун  узлуксиз  таълим  тизимига,  шу  жумладан  умумтаълим  мактаблари  ўқувчиларида  ҳам  мултимедиали  ахборот  технологияларидан  фойдаланишни  шакллантиришга  ёрдам  берувчи  педагогик  шароитларни  яратиш  зарур.Таълим  жараёнида  кўргазмали  ахборот  ишлатилганда  ўқувчиларда  таассурот  ҳосил  бўлиши  уни  оғзаки  баён  қилишга  нисбатан  ўртача  5-6 маротаба  тезроқ  кечади.Шуни  айтиш  керакки,  кўргазмали  ахборот  оғзакига  кўра  самаралироқдир.  Кўриш  анализаторларининг  ахборотни  ўтказиш  қобилияти  эшитиш  анализаторларига  нисбатан  жуда  юқори.  Бу  эса  кўриш  тизимига  инсон  қабул  қиладиган  ахборотнинг  қарийб  90 фоизини  етказиш  имкониятини  беради.Ўқувчиларда  мультимедиали  ахорот  технологиялардан  фойдаланиш  сифатларини  шакллантириш  келгусида  ўзини  нафақат  етук  мутахассис  сифатида,  балки  умуман  баркамол  шахс  сифатида  намоён  этиш  учун  ҳам  зарурдир.Дарс  жараёнида  ахборот  технологиясидан  фойдаланишнинг  асосий  мақсадлари  қуйидагилардан  иборат:•Ўқувчилар  ахборотларнинг  ноанъанавий  манбаларига  мурожаат  қилиш  мустақил  фикрлаш  ва  ижодкорлик  билан  шуғулланиш  учун  кенг  имкониятлар  яратиш;•Ўқувчилар  мустақил  ижод  қилиши  учун  шарт-шароитлар  яратиш;•Ўқитишда  компьютер  технологиясини  қўллаш  орқали  ўқувчи   онгини  ўстириш,  ижодий  изланишни  ривожлантириш;•Ўқувчиларда  компьютер  саводхонлигини  ошириш  ва  уларнинг  ўзлаштириш  даражаларини  баҳолашнинг  вариантларига  эга  бўлиши.Ушбу  имкониятлардан  тўлақонли  фойдалана  олишлари  учун  умумий  ўрта  таълим  мактабларида  она тили  фани  ўқитувчилари  ахборот  технологиялари  юзасидан  қуйидагиларни  билиши  мақсадга   мувофиқ  бўлади:-Фан,  техника  ва  маданиятдаги  ахборот  ва  креатив  жараёнларни;-Замонавий  ахборот  алмашиниш  метод  ва  усулларни  эгаллаганлиги;-Она  тили  фанини  ўқитишда,  ўқувчиларнинг  ижодкорлик  қобилиятларига  оид  билимларни  ривожлантиришда  ахборот  технологиялардан  унумли  фойдалана  олиши;-Мавжуд  локал  ва  глобал  тармоқ  тизимлари  ҳақида  маълумотга  эга  бўлиши,  интернет  тизими  ва  унинг  имкониятларидан  фойдалана  олиши;-Компьютерлар  ёрдамида  матн  ҳамда  ижодкорлик  лойиҳаларини  бажара  олиши;-Ахборот технологияларни  амалга  оширишнинг  дастурий  воситалари  ҳақида  тасаввурга  эга  бўлиши;-Дарсларни  ташкил  этишда  компьютер  қурилмалардан  таълим  воситаси  сифатида  фойдалана  олиши.Бугунги   кунда  таълим  тизимини  ривожлантиришни  ахборот технологияларсиз  тасаввур  қилиш  мумкин  эмас,  чунки  бу  технологияларнинг  фанлар  бўйича  турли  мавзуларни  кўргазмали  ва  тушунарли  шаклда  баён  қилиш  имкониятлари  катта.  Бу  афзалликларни  ўз  вақтида   тушуниб  етган  ҳолда,  илғор  педагогик  ва   ахборот  технологияларига  асосланган  ўқув  дастурларини  тузиш  ва  улардан  кенг  миқёсда  фойдаланиш  мақсадга   мувофиқ. Шу  ўринда  она  тили  ва  адабиёт  дарсларида ўқувчиларнинг  пассив  бўлиб  қолмаслиги,  балки  уларнинг  фаол,  ўз  нуқтайи  назари  ва  шахсий  фикрига  эга  бўлган  китобхон  даражасига  кўтариш  заруриятини  таъкидлаш  жоиз.  Бу  биринчи  навбатда ўқитувчининг  китобхонлик  маданияти  билан  боғлиқ.  Китобхон ўқувчиларни  тарбиялаш  ва   яна  ўқитувчи  шахси,  унинг  шахсий  тажрибаси,  уқуви,  ижодкорлигига  чамбарчас  алоқадордир.Шу  ўринда  мактаб  ўқувчиларининг  интернетдан  кераксиз  маълумотлар  билан  танишиш  ўрнига  керакли  таълимга  оид  сайтлар  орқали  электрон  кутубхонага  кириш  ва  ундан  фойдаланиш,  адабиётларнинг  электрон  вариантлари билан  танишишга  ўргатиш  таълим-тарбия  жараёнидаги  ўқитувчининг  асосий  вазифасидир.Хулоса  қилиб  айтганда,  дарс  жараёнида  ахборот-коммуникацион технологиялардан  унумли фойдаланиш  ўқувчиларда  дарслик  ва  қўшимча адабиётлар  билан  мустақил ишлаш кўникмаларини  ҳосил  қилиш, ўз фикрини  баён қилиш,  коинотни  яхлит кўра олиш қобилиятини  шакллантиради,  тафаккурнинг  ривожланишига  олиб  келади.

 Бошланғич  синф  дарсларида  ахборот-коммуникацион технологиялариД.Пулатова ТВПКҚТМОИ “Мактабгача  ва  бошланғич таълим”  кафедраси  катта  ўқитувчиси.Д.Бойназарова  Қибрай  тумани  45-мактаб  бошланғич  синф  ўқитувчисиБошланғич таълим  умумий ўрта таълимнинг  бош  бўғини.  Бунда болалар  атроф дунё  ҳақидаги  илк  билимларни эгаллайдилар.  Бола  мактабга  илк келган  кунидан  бошлаб  унинг  ҳаётида  янги  ўзгариш  ва  янгича дунё  ўз  ээшигини  очади.  Бола  энди ўқувчи,  унинг  кўз  ўнгида  иккинчи  она  ўқитувчи  пайдо  бўлади. Ўқитувчи  эса  билимли,  ҳозирги  кун  нафаси  билан  яшовчи,  ўқувчининг  кетма-кет  берадиган  тўхтовсиз  саволларига  тайёр турувчи,  меҳрибон,  новатор,  бунёдкор  шахс.Ҳозирги  кун  боласи сергак,  қизиқувчан, интилувчан, изланувчан  ва  серғайратдир. Ана  шундай  ўқувчиларга  биз  педагоглар  қандай  билим  бермоқдамиз?  уларнинг  билимга  бўлган  иштиёқларини  қондира  оляпмизми?  Бошланғич  таълимда  дарс  жараёни  қандай  ташкил  этиляпти?Жисмоний  соғлом,  маънавий  етук,  ҳар  томонлама  уйғун  ва  баркамол  ривожланган,  мустақил  фикрлайдиган интеллектуал  салоҳиятга,  чуқур билим  ва  замонавий  дунёқарашга  эга  бўлган  ёш  авлодни  тарбиялаб  вояга  етказиш  ҳар  бир  муаллим  олдидаги вазифадир.Ана шу  вазифани  адо  этишда  бошланғич  таълим жараёнида  таълим-тарбия  қандай  ташкил  этилмоқда? Ҳозирги  кун  боласи  мактабга  ўқиш  ёзишдан  аввал компьютерни  ўрганиб  келмоқдалар.  Боланинг  қизиққан  машғулоти  компьютер  техникаси  бўлиб  қолмоқда.  Ана  шу  қизиққан  техникани  биз дарсларга  олиб  кирсак,  ўқувчининг янги  материални ўзлаштириш  учун  ижобий  таъсир  кўрсатади.  Ўқувчи  кўрган  нарсасини  эшитганига  кўра  яхши  тушунади,  эсида  сақлаб  қолади,  дарсда  беэътибор  ўқувчи   қолмайди.  Барча  ўқувчиларнинг  диққати  экранда намойиш  этилаётган  объектга  қаратилади. Ўқув жараёнида  дарс  сифати,  самарадорлигини  оширишга  ёрдам  беради.  Бундай  жараёнда  бир  вақтни  ўзида  ўқитувчи  назарий  ахборотларни  бериш  билан  материалларни  юқори  даражадаги  замонавий  техника  воситасида  намойиш  этиш  имкониятига эга  бўлади. Ўқув  объектларини  ва  воқеаларни  моделлаштиради,  уни  автоматик  равишда  намойиш этади.  Тасвирни  туширади.Бундай  дарсларда  ўқув  меҳнати  фаолиятини  ташкил  этишда  компьютер  техникаларини  қўллаш,  фойдаланиш  имкониятини  туғдиради.  Шахсан  ўзлари  ўқув  материалини  амалиётда  синаб,  бажариб  бориш  имкониятига  эга  бўладилар.  Ўқувчининг якка  тартибда  ишлаган  ҳолда  қизиқиш  ва ижодий  ишларини  такомиллаштириш  имконияти  яратилади.  Мультимедиа  техникаси  уларнинг  ўқув  мазмунини  ўзлаштиришларига  қизиқишини  янада  оширади.  Ўқувчида  кўргазма  образли  таъсирда  фикр  юритишга,  моторик  ва  вербал  коммуникатив  кўникмаларнинг  шаклланишига  олиб келади.  Ахборот  билан  ишлаш,  ахборот  қидириш,  арурларини  ажрата  билаш,  қайта  ишлаш,  тартибга  солиш,  ахборотларнниг  мазмунини  тушуниш,  мантиқий  яқинарини  ажратишга  ўрганади.  Шулар  асосида  ахборотни  олиш  маданияти  шаклланади.Хуллас  бунда  дарсларда  ўқитувчи  кам  меҳнат  сарфлаб,  дарсда  кўпроқ  ўқувчининг  фаоллигини  таъминлайди.  Бошланғич  синфларда қўлланилган  оан  тили  фанидан “Феъл”  мавзусидаги   бир соатлик   дарс  ишланмани  эътиборингизга  ҳавола  этамиз. 

Жойлаштирди: Пулатова Дилдора Тургуновна
Кўриб чиқилди: 3389