FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Умумтаълим мактабларида ёшларнинг ғоявий дунёқараши ва маънавий фазилатларини шакллантириш вазифалари

      Маълумки, хар бир ривожланган давлат ўз фуқароларининг, вояга етаётган ёш авлоднинг тақдирига, камолотига бефарқ қарамайди, балки уларда она – Ватанга содиқлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ахлоқ-одоб ва бошқа мақбул инсоний хулқ-атвор, юксак фазилатларни тарбиялашга интилади. Инсон ягона давлат ва жамиятда яшаб туриб шу маконда қабул қилинган урф-одатлар, қонунлар, умумхалқ мафкураси ва миллий ғояларга амал қилади. Ўтган асрнинг маърифатпарвари, жадид адабиётининг атоқли намояндаси Чўлпон таъбири билан айтганда, халқ бамисоли улкан ва қудратли куч, тўлқин сифатида акс фикрлайдиган, ёт ва мақбул бўлмаган бегона ғоя ва мафкураларни тарғиб этадиган кучларга қарши курашади. Чунки, ҳатто урушлар тугаб, замбараклар наъраси тинган пайтда ҳам инсон онги ва қалбини эгаллаш йўлидаги мафкуравий курашлар давом этади.

Давлатимиз Мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб инсон онги ва қалбида миллий мустақиллик ғояси ва мустақиллик мафкурасини, халқимизга хос энг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш масаласи давлатимизнинг диққат марказида турди. Шунинг учун, таълим муассасаларида, хусусан умумтаълим ўрта мактабларда таҳсил кўраётган ёшларни миллий истиқлолга содиқ, ватанпарвар, энг эзгу фазилатлар руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлди.

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар ғоявий дунёқарашини шакллантириш ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, халқимизнинг энг мақбул урф-одатларини, миллий қадриятларини шакллантириш мақсадида ўқув режасига қатор ўзгаришлар киритилгани юқорида таъкидланган вазифаларни ечимидаги дадил қадамлар эди. Айниқса, бошланғич синфларга “Одобнома”, 5-6 синфларга “Ватан туйғуси”, 7-9 синфларга “Миллий истқлол ғояси ва маънавият асослари” фанларининг киритилиши айни муддао бўлди. Шу ўринда, таълим муассасаларида, жумладан педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари томонидан мазкур предметларни ўқитадиган ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида қайта тайёрлаш ишларининг самарали йўлга қўйилиши ҳам  масаланинг долзарб эканлигидан далолат беради

“Миллий ғоя ва маънавият асослари”нинг фан сифатида эътироф этилиши унинг ўзига хос предмети, объекти, мақсад ва вазифалари мавжудлигини англатади, яъни бу фаннинг ҳам муайян билимлар тизими, ўзига хос мавзулари, тушунчалари, қонун ва категориялари мавжуд. Шу билан бирга, миллий ғоянинг жамият, миллий маданият негизлари асосида шаклланиши, халқнинг ишонч ва эътиқодига айланиши билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини ҳам таъкидлаш лозим. Бунда ҳар бир инсон ёки шахснинг индивидуал хусусиятлари, унинг ўзига хос дунёқараши, шунга мос тафаккур ва ҳаёт тарзи, миллий онги, ўзлигини англаганлиги даражаси алоҳида ўринга эга.

Ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғулари киши қалбида миллий анъаналарга, тарихи, она тили, маданиятига нисбатан шаклланган эътиқод, садоқат асосида пайдо бўлиб, миллатининг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилишида намоён бўлади. Ҳар бир инсонда умуминсоний қадриятлар бошқа халқлар ва миллатларнинг маданий ютуқларига ўзаро манфаатдорлик ҳамда миллий тараққиётида уни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан қараш, баҳолаш кўникмалари, саъй-ҳаракатлари орқали ўз ифодасини топади.

Бинобарин, ушбу фаннинг предметини миллий маънавий мерос ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро муштараклиги, миллий истиқлол бош ғояси халқнинг ишонч ва эътиқодига айланиши, «ғоя» ва «мафкура» тушунчалари, уларнинг халқлар, миллатлар ва давлатлар тақдирига таъсирини ўрганиш масалалари ташкил этади.

Сўнгги йилларда “Миллий ғоя ва маънавият асослари” фани таълим тизимига жорий этилиб, бу фаннинг ўқитилишини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар қилинди. Чунончи, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш ҳамда маънавият ва маърифат ишларини юксалтириш, буюк аждодларимизнинг серқирра ижодий маҳсулини халқимиз ва ёшлар онгига етказиш мақсадида дарсликлар, илмий-услубий рисолалар, илмий мақолалар нашр қилинди. Бу, албатта, ўз самарасини кўрсатмасдан қолмади: ёш авлод, бўлажак мутахассислар онгида, тафаккурида замон руҳига мос равишда туб янгиланишлар юз бермоқда.

Аммо бугунги глобаллашув жараёнлари кун сайин тез суръат билан давом этаётган замонда, жаҳоннинг геополитик харитаси, минтақамиздаги мафкуравий жараёнлар ҳам тез ўзгармоқда. Бундай мураккаб шароитда давлатимизнинг бугунги сиёсати моҳиятини, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнининг самарали восита ва усуллар ёрдамида тушунтирилиши тақозо этилмоқда.

Институт “Ижтимоий фанлар ва маънавият асослари” кафедраси томонидан “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ўқитувчиларидан ташкил топадиган малака ошириш гуруҳи тингловчилари билан ўзаро тажриба алмашиш натижасида ушбу фанни таълим тизимида ўқитиш жараёнида мавжуд ютуқ ва муаммолар ўрганилди ва билдирилган фикрлар умумлаштирилди. Натижада, ушбу йўналишда юзага келган  муаммолар, асосан, қуйидагилардан иборат эканлиги маълум бўлди:

1) 7-9 синф дарсликлари юзасидан ўқитувчилар учун услубий қўлланма йўқлиги. Яъни, дарслик мавжуд, аммо ўқув қўлланма ёзилмаган;

2), Баъзи бир мавзуларнинг ўқувчилар ёшига нисбатан олганда мураккаблиги ҳамда ўта илмий тилда талқин этилиши; 

3) Мактаблар учун етук мутахассисларнинг етишмаслиги. 

4) Махсус адабиётлар – илова адабиёт ва хрестоматияларнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 451 Қарорида (2006 йил 25 август) ёш авлоднинг онгида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш вазифаси қўйилган. Бундай билим ва кўникмаларга эса ёшларнинг кўпчилиги, асосан, мактабда ижтимоий-гуманитар фанларни ўқиб-ўзлаштириш туфайли эришадилар. Демак, таълим тизимида Миллий ғоя фанини ўқитишни такомиллаштириш – даврнинг долзарб вазифасидир.

Таъкидлаш жоизки, фарзанднинг ғоявий ва мафкуравий тарбиясига лоқайд қараб бўлмайди. Таълим-тарбиянинг қайсидир бўғинида ёки оила муҳитида йўл қўйилган хато, мавжуд нуқсонлар фарзанд тарбиясига, унинг кейинги камолотига жиддий таъсир кўрсатади. Президентимиз Ислом Каримов ”Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деганида мутлақо хақ бўлиб, бу ўринда навқирон авлоднинг мафкуравий жиҳатдан ҳам баркамол вояга етишини назарда тутган эди. Юртимизда “Баркамол авлод йили”, “Соғлом бола йили” деб йилларнинг эълон қилиниши ҳам ёшларни истиқлолимизга содиқ, ватанпарвар, эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашни назарда тутган эди.

Юқоридаги фикрларни эслашимизнинг боиси шундаки, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг замонавий фан асосларини пухта эгаллашларини, энг чиройли, кўркам ва хар томонлама қулай мактабда таълим олишини, тажрибали устозлар қўлида таҳсил кўришини, келгусида билимдон, энг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни эгаллашини орзу қилади.

Ушбу орзуларнинг ушалиши Миллий дастуримизнинг амалга оширилиши, ўқувчи ёшларимизнинг тарбия ўчоғларидан пухта, кучли ғоявий дунёқараш ва юксак маънавий фазилатлар эгаси бўлиб чиқишларига боғлиқ.

Жойлаштирди: Тохириён Абдуллохи Шерализода
Кўриб чиқилди: 2263