FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Фидоийлик ва жасорат лавҳалари (ёки «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақидаги мулоҳазалар )

         Инсон ҳаётидаги ҳар бир лаҳза, ҳар бир оннинг ўзига хос мазмун моҳиятини англаш учун вақт лозимлиги табиий ҳол. Баъзан ҳатто ҳаётининг энг ширин ва энг гузал лаҳзаларида ҳам инсон ўша оннинг асл моҳиятини англаши қийин бўлади. Айниқса, агар бундай соатлар инсоннинг шахсий ҳаётий мавқеини, жамиятга бўлган муносабатини белгиловчи онлар бўлса, ойлар, йиллар ўтиб ҳатто аччиқ лаҳзалар бўлган бўлса ҳам бошқа бир инсонлар учун ширин лаҳзаларни тақдим этиши мумкин. Фақат шундай тақдирли кунларни тўғри баҳолаш, улардан тўғри сабоқлар олиб тўғри хулосалар чиқариш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Улар ҳақида ширин хотиралар ёзиш кимлар учун бадиий ижод маҳсули, яна кимлар учун эса тарбиявий мақсадни кўзлаб амалга ошириладиган жараёндир. Шу билан бирга, тарих саҳнасида бутун бир халқларни, жамиятни жар ёқасидан қайтариб буюк хизматлар қилган инсонлар фаолияти баъзан хотиралар кўринишида ёзилмаса ҳам, аксинча ўша ҳаракатлар ҳеч қандай безаксиз асл ҳолатида тақдим этилса одамларга яқинроқ, азизроқ бўлади. Айниқса таҳликали даврларда айтилган сўзлар, нутқлар ва маърузаларнинг тўплам шаклида нашр этилиб, уларда фикрлар динамикаси, воқеалар ривожига назар ташлаш имконияти яратилса, бундай мажмуанинг аҳамияти янада қимматлироқ бўлишига шубҳа йўқ.      

Ўтган асрнинг 80-йилларини онгли равишда бошдан кечирган одамлар яхшигина эслай оладиларким мафкура илинжига ўраланган, “идеал” тизимнинг айирмачилик сиёсати билан чекланиб қолган марказдаги “қудратли давлат” раҳбарлари давлатнинг таркибий қисмлари бўлмиш “қардош” республикалар халқларининг тақдирига лоқайдлик кўрсата бошлаган эдилар. Жойлардаги иқтисодиёт бўғинлари марказга қарам бўлганлиги сабаб ривожланиш жараёни тадрижий тарзда турғунлик ҳолатига гирифтор бўлди.

Ўша даврнинг ички, назарга кўринмас, ақлга сиғмас инқирозий манзарасини кўриб, уни англаш ўзига хос мураккаб бир ҳушёрлик ва зукколик талаб этарди. Замон руҳини, замон дардини сезган кишиларнинг ҳар бири ҳам уни тилда ифодалашга, замондошларига айтишга шужоат этмас эдилар. Тарихнинг айнан шундай онларида, халқларнинг бахтига ҳақиқий халоскор бўлган буюк фарзандлари тарих майдонига чиқиши тақозо этилади.

Бугун қайта-қайта шукроналар қиламизким ўша даврда ҳам гузал диёримиз халқлари бахтига, халқ ғамини биладиган, халқ дардини эшитадиган, халқ фарзанди давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимига кириб келди. Айтиш мумкинки, на фақат кириб келди, балки шаҳдам қадамлар билан келиб республикамиздаги оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол юзидан пардани олиб ташлади, ҳамда марказдаги раҳбарлар эътиборига етказди. Маҳаллий аҳоли билан жонли мулоқотга кирди. Ўзи аҳоли тилидан муаммоларнинг сабаб, баҳоналарини эшитди.

Эшитганда ҳам, самимий эшитди. Муаммолар ечимини, сабабларни бартараф этишини, баҳоналар фош этилишини ташкил этиш йўлларини излашга бел боғлади. Ўша эзгу ишлар самарасига ишончи бўлган раҳбар сифатида эртанги куннинг ҳам манзарасини тасвирлай олди. Илмий тилда бундай интилишлар концептуал ғоялар деб юритилади. Албатта, у даврда айтилган бундай ғояларнинг ўзига хос жиҳатлари тарихда, ёрқин юлдуз мақомига тенглаштирилган, нурли лаҳзалар сифатида ифодасини топади.        

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли китоби айнан мустақиллик йўлида қилинган ҳаракатларнинг асл мазмун, мақсад ва моҳиятини ёритиш учун ҳақиқий тарихий манба сифатида ўрганилиши зарурлигини алоҳида таъкидлашни лозим деб биланман. Қолаверса, мустақиллик ўзи нима, мустақилликка интилиш айирмачилик каби ғаразли ниятлардан нимаси билан фарқ қилади, мустақилликка интилишимизнинг замирида қайси сиёсий, ижтимоий, иқтисодий муаммолар ётар эди, қандай тарихий шароит мустақилликнинг эълон қилинишига таъсир кўрсатди, мустақил давлат барпо этиш учун қайси ижтимоий, табиий омилларга таянишимиз зарур эди деган саволларга бу китоб тўлиқ ва ҳар томонлама жавоб беради. Айнан шу нуқтаи назардан, ўша давр реал манзарасини ўрганиш орқали, ёшларимизнинг мустақиллик аталмиш тарихий неъматга муҳаббатини шакллантиришда, уларни маънавий тарбиясида бу китобнинг аҳамияти беқиёсдир.  

Ундаги алоҳида мисоллар орқали, қалтис даврда эл-юрт манфаати, миллий манфаатлар ҳимоясига жиддий эътибор кўрсатган республика раҳбари нутқларини очиб бериб, уларнинг замирида чуқур маъно-мазмун ётганини тушунтириб беришнинг ўзи, табиийки, ёшларда катта қизиқиш ўйғотади. Масалан, 1989 йил шуролар давлати учун таҳликали йил бўлди. Мамлакатда иқтисодий муаммоларнинг йиғилиши, ижтимоий ҳаётдаги тангликнинг юзага чиқиши, энг даҳшатлиси, миллатлараро можароларнинг келиб чиқиши натижасида марказдаги ҳокимият республикалардаги вазиятни деярли назорат доирасидан чиқарди. Жойларда аҳвол аянчли кўриниш ола бошлади. Ўшанда 1989 йил 24 июньЎзбекистон ССР Министрлар СоветинингФарғона водийси вилоятларини ижтимоий-иқтисодийривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган Кенгашида кечагина, яъни 1989 йил 23 июнь куни Ўзбекистон раҳбари мақомига лоиқ топилган Ислом Каримов “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” номли маърузасида куннинг масъулияти ўта жиддийлиги, бутун мамлакат ўзгаришлар босқичида тургани, унинг ғоят оғир аҳволга тушиб қолгани ҳақида гапириб, барча Фарғона водийсидаги нохуш воқеаларнинг илдизини Фарғона водийсида яшаётган аҳолининг оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволи билан боғлиқлигини таъкидлаган, ҳамда огоҳлантирганким “агарки биз халқимизга воқеалар жиловини қўлга олганимизни ва биз бу масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилаётганимизни кўрсатмасак, агарки одамлар бу борада бизга ишонмаса, ишонинглар, ҳар қандай дақиқада ва ҳар қандай жойда ижтимоий портлаш юз бериши мумкин.”

Албатта бундай фикр мулоҳазаларни айтиш шунчаки ўзидан ўзи бўлмас эди. Зеро бу таҳлилий фикрда марказ томонидан йўл қўйилган жиддий хатоликларга ҳам шамма ҳиди сезилиб турибди. Қолаверса ҳали 1989 йил. Мустақилликни расман эълон қилинишидан икки йил муқаддам айтилган фикрлар. Марказ ҳар қандай ҳур фикрларга қарши “муносиб” жазо тайинлаши одатий ҳол эди. Республикалар раҳбарларининг аксарияти “марказ нима деса ўша бўлади” каби қотиб қолган шаблон таъсири остида иш тутардилар. Натижада, баъзи республикаларда аҳвол ниҳоят оғир даражага етиб танглик омиллари яққол кўзга ташлана бошлади. Лекин И.Каримов иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг асл манзарасини кўрсатишга ҳаракат қилди. Давр, ҳукмрон мафкура ва таълимотлар саҳнасида бундай интилиш ҳақиқий Жасорат эди.

Китобда ўрин олган Президентимизнинг 1990 йил 20 январда Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида сўзланган нутқидаги фикрлари унинг ўз олдига қўйган мақсадларни ҳаётга табиқ этишда қанчалик изчил эканлигини исбот қилади. Жумладан, ўшанда айтилган эди: “Халқ таълими бутун системасини ва унинг моддий базасини тубдан қайта қуриш талаб қилинади”. Бу пухта ифодаланган концептуал ғоянинг ёрқин намунаси эди. Чунки бугун таълим соҳасидаги ютуқларимизни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Давлатимиз раҳбари давлат сиёсати даражасида таълимга эътибор қаратиб, ушбу тизимнинг тубдан ислоҳ қилиш йўлини танлади. Ўзбекистонда жаҳон андозаларига жавоб берадиган таълим тизими вужудга келтирилди. Бу Маърифатпарварликнинг юксак мисолидир.  

1989 йил 19-август Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ХVI пленумида cўзланган “Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур” номли нутқида “Биз, ёшлар муаммоларига кўпроқ эътибор беришимиз керак. ...Ҳеч қачон, ҳеч  қаерда бўшлиқ бўлмайди. Биз бўлмаган жойда бизнинг ўрнимизга ёшлар ва халқ билан бошқалар шуғулланади. Буни  унутмаслик керак.

Ёшларимизни бегоналарнинг қўлига ўз ихтиёримиз билан топширмаслигимиз керак. Ёшлар учун, улар чин инсон, ўз диёрининг, ўз мамлакатининг чинакам ватанпарварлари бўлиб ўсишлари учун фаол курашмоғимиз лозим” деганида Ватаннинг эртанги куни ҳақида қайғуриб, мустақиллик йўлидаги курашда ёшларнинг ўрнига ўзига хос эътибор беради. Бу Дурандишликнинг олий намунаси.

Юртбошимизнинг 1990 йил 24 февраль куни Тошкентда СССР, Ўзбекистон ССР, маҳаллий советларнинг халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Кенгашда сўзлаган нутқидаги мулоҳазалари айниқса, унинг раҳбарлик масъулиятига бўлган муносабатини яққол ифодаси бўлиб, шунинг билан бирга халққа қанчалик ишончи юқорилигидан, халқнинг кучи қувватига эҳтиромидан далолат беради. Эътибор беринг: “элга пешвоман, деб ўртага чиқдингми, унинг ишончини қозондингми – бу ишончни энди асл виждон билан, покиза фаолият билан оқламоқ керак бўлади. Бу талабни эскичасига айтсамми, янгичасигами – барибир, моҳияти бир хил бўлиб қолаверади. Яъни, халқ вакили халқнинг посбони, халқ раҳбари бўлиб, халқнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлғувчи сирдошига айланиши шарт.

Улуғ шоиримиз Абдулҳамид Чўлпон бежиз ёзмаган эди:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир...

Халқ қўзғалса, куч йўқдир, ким тўхтатсин,

Қувват йўқ, ким халқ истагин йўқ этсин.”

Бу Халқпарвар раҳбарнинг сифатлари эди.

Китобда ўрин олган Президентимизнинг аждодлар руҳи покига нисбатан эҳтиром туйғулари айниқса таҳсинга сазовор. Ўтганларни хотирлаш, улар ётган муқаддас хокларини зиёрат қилиш, азизу авлиёларга эътибор ва эҳтиром зоҳир этиш ҳар бир одамзот фарзандига мустаҳкам ирода, тетик руҳ, пок инсоний туйғуларини шакллантиришда ёрдам беради. Одамнинг аждодлар ва авлодлар узвийлигини теран англашида муҳим рол ўйнайди. Шуларни яхши билган инсон сифатида И.Каримов амалда қилиниши лозим бўлган ишларни бирин кетин руёбга чиқара бошлади. Шу тариқа диёримизда азизу авлиёлар, буюк аждодларимиз, бетакрор пирларимизнинг муқаддас арвоҳлари руҳларини қайта тиклаб ҳаётимизга янги мазмун талқини кириб келди.   

Президентимизнинг 1990 йил 14-сентябрида Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатида, айниқса, бир ғоя ниҳоятда долзарб эди. Унинг таъкидлашича “Алломанинг асрлар давомида фозилу фузалоларга дастур бўлиб келган ақлу одоб, инсофу диёнат, адолату инсонпарварликни тарғиб этгувчи ғоялари сердолға давримизнинг мураккаб ва зиддиятли ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда замонавий аҳамият касб этади”.

1990 йил  26 октябрь куни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари яратилганлигининг 460 йиллиги байрамига ташриф буюрган меҳмонларни қабул қилганида айтган сўзлари замирида ҳам қанча аччиқ ҳақиқат ётиши, тарихимиз саҳифаларининг нечоғлик доғли қолиб кетиши ҳақидаги мулоҳазалар ётибди. У қайд қилган эди Бобурнинг 500 йиллиги республикамизда нишонланмагани  ғоят афсусланарлидир. Тарихда шундай инсонлар бўладики, уларнинг қадр-қиммати умуминсоний қадриятлар билан ўлчанади. Буюк аждодимиз Бобур айнан шундай зотлар сирасига киради. Шу боис биз Бобур ижодини кўпгина мамлакатлар олимлари, адиблари билан ҳамкорликда ўрганишимиз керак”. Бу, ўша замон мафкураси қолипларига сиғмайдиган, аммо халқ манфаатлари, миллат қадриятлари фидойиси бўлган, ҳамда шижоатли инсонгина томонидан айтиши мумкин бўлган сўзлар эди.

1991 йилни Алишер Навоий йили деб эълон қилиниши ўшанда юртимиз, элимиз тарихида қутлуғ келди ва унутилмас сана бўлиб қолди. Чунки халқимизнинг асрий орзу-умидлари амалга ошди. Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Натижада, 1991 йил 1 октябрь Ўзбекистон Миллий боғида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан барпо этилган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида сўзланган нутқида ҳам давлатимиз раҳбарининг  аждодлар руҳига бўлган муҳаббатга тўла эҳтироми яққол кўзга ташланади ва ёшларни шу руҳда тарбиялашда ўзига хос ўрнак бўлади. У айтган эди “... ўз тарихи ва аждодларини сийлаган халқнинг келажаги албатта порлоқ бўлади. Ишонамизки, Ўзбекистонимиз тез орада дунё ҳамдўстлиги ўртасида ўзига муносиб ўринни эгаллайди, иншоолло. Ана ўшанда ҳам Алишер Навоийнинг қутлуғ номи бизга мададкор бўлади”. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзликни англашнинг юксак намунаси эди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки китоб муаллифининг оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига берган жавобларида ҳам мустақилликнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий асослари, энг муҳими тарихий шароитнинг, атрофимизда кечаётган ҳодиса воқеаларнинг асл моҳиятига таҳлилий ёндашув, ўша даврда халқнинг ўз тақдирига бефарқ бўла олмаслиги аниқ факт ва рақамлар билан асослаб берилган. Жумладан:

1991 йил 29 январь«Известия» газетаси мухбирининг саволларига “Ҳаммасига ўзимиз эришмоғимиз зарур”, 1991 йил 2 февральПравительственный вестник” ҳафтаномаси мухбири саволларига “Иқтисодий омилларга амал қилса “темир қўлга” ҳожат қолмайди”, 1991 йил 7 март“Комсомольская правда” газетаси мухбири саволларига Бизни капитализмдан сакраб ўтишга ўргатишган” сарлавҳа остидаги жавобларида мамлакатда юзага келган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий инқироз аломатларини очиқ айтиб, марказнинг республикалар ҳаётига лоқайдлик кўрсатаётгани, ҳатто ҳокимият жилавини қайси бир маънода қўлдан чиқарилганлигини таъкидлагани бугунги тарих яратилишида муҳим аҳамиятга эга.  

1991 йил 12 март “Ди Цайт” номли немис ҳафтаномаси саволларига “Ўзбекистон фақат иқтисодиётда эмас, бошқа соҳаларда ҳам дадил қадамлар қўймоқда”, 1991 йил 4 июль“Рабочая трибуна” газетаси мухбири саволларига “Демократия – қонунга ва шахсга ҳурмат демакдир”, 1991 йил 16 август  “Таймс оф Индиа”газетаси мухбири саволларига “Ҳиндистонга меҳр билан” каби сарлавҳалардаги жавобларда Ислом Каримов давлат раҳбари сифатида нафақат Ўзбекистон ва собиқ СССР, балки халқаро муносабатлар доирасидаги масалаларга ҳам нечоғлиқ жиддий ва миллат манфаати мавқеидан муносабатда эканлиги яққол кўзга ташланади.

Бу каби мисолларни келтиришда давом этиш мумкин. Лекин биз шу билан кифояланиб асарнинг асл мазмун ва моҳиятини ҳар ким ўқиб чиққандагина англаб етиши мумкинлигини алоҳида таъкидламоқчимиз

Жойлаштирди: Тохириён Абдуллохи Шерализода
Кўриб чиқилди: 3576