FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Малака оширишда тарих фани ўқитувчиларига АКТдан фойдаланиш бўйича бериладиган билим ва кўникмалар аҳамияти

     “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги 234-сонли қарорида таъкидланганидек, бугун малака ошириш тизими олдида турган долзарб вазифалар асосан таълим тизими ходимларининг эгаллаб турган лавозимлари, мутахассислиги ёки дарс берадиган фанлари бўйича касбий ва педагогик маҳорати доимий равишда ўсиб боришини, уларнинг илғор педагогик ва ахборот технологиялари, шунингдек ўқитишнинг интерактив усуллари бўйича касбий билимлари, малака ва кўникмалари мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлаш билан алоҳида ажраоиб туради. Қолаверса, ҳаётнинг барча соҳалари каби, бугунги кунда таълим тизимида техника воситаларини ривожланиб бориши, ўқувчиларни  китобдан кўра техник воситалар орқали таълимга қизиқтириш кенгайиб бораётганлиги бу масалага янада долзарблик бағишлайди. Шу нуқтаи назардан малака оширишга жалб қилинган ўқитувчиларга ахборот-коммуникацион технологиялардан (бундан буён АКТ) фойдаланишга доир бериладиган билим ва кўникмаларнинг қанчалик тушунарли ва мазмунли бўлиши катта аҳамият касб этади. Зеро, таълим жараёнига илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш талабалар ва ўқитувчиларни интеллектуал ривожлантириш ҳамда жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришнинг муҳим вазифасидир. Шу боис таълим соҳасига ахборот-коммуникация технологияларнинг кириб келиши янги ўзгаришлардан фойдаланишни тақозо этади.

Президентимиз И.А. Каримовнинг 21 март 2012 йилда “Замонавий ахборот-коммуникация технологичларини янада жорий этиш ва ривож-лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида, ахборотлаштиришни ривожлантириш соҳасидаги давлатимиз сиёсати мамлакатимизни бевосита жаҳон ахборот маконига интеграциялашувига йўналтирилган жараённи янада ривожлантиришнинг асосий тамойиллари белгиланган[1].

АКТдан фойдаланиш юзасидан бериладиган билим ва кўникмаларнинг самарадорлиги энг аввало тўғридан-тўғри ўқув жараёнини амалга ошириш технологиясига боғлиқ. Масалан, “кичик маъруза”, “савол-жавоб”, ”тақдимот” каби методлар кетма-кет амалга оширилса тингловчининг қабул қилиш қобилияти ошади. Кичик маъруза методи орқали берилган билим маъруза матнидан фойдаланган машғулотнинг назарий қисмига тегишли бўлади. Шу маърузанинг иккинчи қисми албатта ўқув слайди кўринишида тақдим этилиши лозим.

Дарсда қўлланиладиган техник ва дидактик воситалар яъни компьютер, проектор, проектор доскаси, электрон дарслик туширилган дисклар, ўқув слайдларидан мақсадли йўналтирилган ҳолда дарслар ташкил этилса, дастурда белгиланган вазифалар ўз ижросини топиши мумкин.

Дарсни ахборот технологиялари ёки ресурс марказида компьютер олдига ўтказиш ҳам муҳим роль уйнайди. Ўқитувчи тингловчиларнинг мавжуд билимлари ва қизиқишларини ўрганиб, аудитория савиясини аниқлаб талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб дарс ташкил қилса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки тингловчилар орасидаги компютер саводхонлиги бўйича фарқ бировларнинг дарс жараёнига эътиборсизлигига сабаб бўлиши мумкин.

Шубҳасиз, таълим жараёнига янги ахборот технологияларини киритиш зарурдир. Замонавий жамият ахборот узатиш ҳажми ва тезлиги жиҳатидан чегараланмаган бутунжаҳон ахборот тармоғидан фаол фойдаланиши билан ҳарактерланади. Мультимедия ва Интернет технологияларининг пайдо бўлиши ва кенг тарқалиши ахборот технологияларни мулоқот, тарбия, жаҳон ҳамжамиятига кириб бориш воситасида ишлатиш имконини беради. Ахборот технологияларининг шахсият ривожи, касбий ўзбелгилаш ва "оёққа туриш"даги аҳамияти яққол сезилиб турибди. Таълим муассасалардаги таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида матн билан ишлашни, таъсвирий объектларни ва маълумотлар базасини яратишни, электрон жадваллардан ва маълумот ресурслар базасида фойдаланишни, ахборот йиғишнинг янги усулларини, улардан фойдаланишни ўрганишади, уларнинг дунёқараши кенгаяди. Дарсларда ахборот-коммуникация технологияларнинг ишлатилиши ўқишга бўлган мотивациясини, тингловчиларнинг қизиқувчанлигини, мустақил ишларнинг самарадорлигини оширади. Компьютер ахборот-коммуникация технологиялари билан биргаликда таълим соҳасида, талабаларнинг ўқиш ва ижодкорлигида янги имкониятларни тақдим этади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки ижтимоий фанлар ўқитувчиларига малака ошириш давомида ўқитишда замонавий АКТ воситаларидан фойдаланиш юзасидан берилган ҳар қандай мақсадли, тизимли билим албатта уларнинг мактабда самарали дарс ташкил қилишлари, ўқув жараёнини фаоллаштиришлари, ўқишни индивидуаллаштиришлари, ўқувчиларнинг мустақил билим олишга янада кўпроқ қизиқтиришлари учун пухта замин яратади. Қолаверса, ўқитувчи ўзи маълумотларни тез топиш ва тизимлаштириш орқали вақтни тежайди, етишмаган маълумотларни тўлдиради. Шунингдек, алоҳида қайд қилишни истардикки АКТдан фойдаланиш натижасида тарихий ва замонавий воқеа-ҳодисалар ҳақидаги маълумотларни видеоматериаллар, ўқув фильмлар,  фотосуратлар ҳамда тақдимотлар орқали осон ва қулай, асосийси мустаҳкам ва самарали эгаллайдилар. Ўзига хос жонлантирилган тарихий хариталар ва воқеаларни ўрганадилар, Интернетнинг кенг имкониятларидан фойдаланиб жаҳондаги тарихий обидалар ва музейларга виртуал саёҳат қилиш, шу билан бирга вақт ва маконга “шўнғиш” имконига эга бўладилар.

 [1]Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Жойлаштирди: Тохириён Абдуллохи Шерализода
Кўриб чиқилди: 2975