FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Ўқитувчи маънавий қиёфасини бойитишда миллий қадриятлар ва миллий мафкура уйғунлигининг аҳамияти

      Мустақиллик яратган шароит ва имкониятлар туфайли юртимизда инсон ҳаёти тобора чуқурроқ мазмун касб этмоқда. Жамиятда инсонликни англаш, одам бўлиб туғилиб одам каби яшаш зарурати миллий эҳтиёж даражасига кўтарилмоқда. Назарда оддий ёки табиий бир жараёндай туюладиган бу ривожланиш, аслида мақсадли, мазмунли интилишлар натижасидир. Айнан шу интилишларнинг замирида қанча машаққатли меҳнат борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу меҳнатнинг таълимий-тарбиявий соҳасини ташкиллаштириш ва таъминлашда халқ таълим тизими ходимларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Айниқса, ўқитувчининг ибрати, шахсий намунаси ўқувчиларнинг маънавий, мафкуравий, ғоявий иммунитетини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши ўқитувчининг ўз маънавий қиёфасини кун сайин такомиллаштириш зарурлигини кун тартибига қуймоқда. Демак, миллий равнаққа, умумбашарий тараққиётга туртки бўладиган жиддий ўзгаришларни, умуминсоний қадриятларни янгидан-янги неъматлар билан бойитадиган туб бурилишлар вужудга келишини таъминлайдиган узак, маънавий қиёфанинг бойиши, унинг миллий қадриятлар ва миллий мафкура билан уйғунлашувига кумаклашадиган омиллар ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай давлатчилик фақат миллий асосда қурилгандагина, туб аҳоли маънавий-руҳий эҳтиёжларидан келиб чиқиб барпо этилган тақдирдагина ҳаётий бўлиши мумкин. Қолаверса, мустақил Ўзбекистонда барпо этилаётган ўзига хос миллий давлатчилигимиз шубҳасиз фикримизнинг яққол мисоли бўлиши мумкин. Чунки йўналишдаги ютуқларимиз, энг аввало жамиятнинг янгиланишига аҳолини маънавий-руҳий интилиши аниқ ва мақсадли эканлиги билан боғлиқ. 

 Миллий асосни яратиш эса ўз навбатида аҳолининг маънавиятга бўлган муносабати, унинг маънавий меросдан баҳраманд  эканлигига боғлиқ. Давлат ва жамият шу унсурларга эътиборли бўлсагина у миллий равнақ учун кенг имкониятлар яратади. Чунки, ҳар бир халқ ўзининг бой ўтмишини, тарихини, анъаналарини ва ўзлигини бевосита давлат тимсолида кўриши керак. Бу ўзини билган, ўзини таниган халқ учун жуда катта маънавий-руҳий эҳтиёж ҳисобланади.

Масаланинг яна бир эътиборли, назарий жиҳати шундаки, жамиятни тубдан ислоҳ қилиш жараёнлари, дейлик бутун бир маконни қулликдан озод этиш босқичлари ҳамма вақт кучли қарама-қаршиликлар, зиддиятлар ва тушунмовчиликлар тўқнашган мураккаб бир ҳолатда ўтади. Ана шун­дай маънавий-руҳий ўзгаришлар, дунёқарашлардаги янгиланишлар ва сиёсий  пўртаналар пайтида мамлакат аҳолисининг маънавий қиёфаси унинг умумий сиёсий маданияти, онглилик даражаси кўп нарсани ҳал этади.

Бошқача қилиб айтганда, ислоҳотлар онг ва тафаккур кўзгуси орқали ўтганда, унинг бутун миқёси ва кўлами, мазмуни ва моҳияти кенгаяди ва самарали бўлади. Ислоҳотлар даврида янгилик билан эскилик ўртасида ҳамма вақт кескин курашлар, зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар бўлиб ўтади. Таассуфки, ҳаётда кўпинча янгиликдан кўра эскилик, яхшиликдан кўра ёмонлик, эзгуликдан кўра ёвузлик яшовчан бўлади. Шу ҳаётий фалсафадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, турмуш тарзига айланган ва кундалик ҳаёт қобиғида ўралиб қолган дунёқарашни ўзгартириш осон эмас.

Қолаверса, ҳозирги даврда турли мафкура ва таълимотлар ўртасидаги зиддиятлар тобора кучайиб, инсон онги ва тафаккурини забт этиш қуролли тўқнашувларга олиб бормоқда. Жумладан, халқаро терроризм, фаҳш, жангарилик, зўравонлик, миллий маҳдудлик, информацион хуружлар ёшларимиз онгига тажовуз қилмоқда. Бу эса, жамият аъзоларининг маънавий оламини мақсадли бойитиш зарурлигини яна долзарб қилиб белгилайди.

Таълим муассасаларида маънавий-маърифий тарбия ишларини режалаштириш, мавзулар ўқувчиларни мустақиллик, ўз-ўзини англаш, мустақил фикр юритишга қаратилганлиги, танланган мавзулар миллий қадриятлар қамровида бўлиши яъни миллий қадриятлар ва миллий мафкура билан уйғунлаштирилган ҳолда амалга оширилса, кўзланган тарбиявий мақсад ўзидан ўзи мазмун жиҳатидан бойишига ҳеч шубҳа йўқ.

Миллий қадриятлар ҳар бир миллатнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, ўша-ўша миллат босиб ўтган ижтимоий тараққиёт жараёнида шаклланган ва миллий маданий мерос хазанасига қўшган ҳиссасини ифодалайди. Худди шу миллий ўзига хослик миллатнинг маданиятида, адабиётида, санъатида тилида динида тарихий хотирасида, яшаш, ишлаш ва фикрлаш тарзида урф-одатларида, расм-русумларида, байрам сайилларида ўз ифодасини топади. Миллий қадриятлар миллий ва маънавий маданият ифодаси бўлиб ҳар бир миллатнинг инсонийлик хазинасига қўшган муносиб ҳиссасининг ҳосиласидир.

Миллий қадриятларининг негизини урф-одатлар, расм-русумлар байраму, сайиллар ташкил этади, ўзбек миллий қадриятлари мазмунида инсонпарварлик ғоялари ётади. Узоқ тарих давомида  ўзбекларнинг ўзаро муносабаталарда кундалик турмуш тарзида ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат, бир-бирига суяниш ва яхши қўшничилик, болажонлик, ота-онага хурмат, меҳр-оқибат ва садоқат ҳар томонлама эъзозланиб келинади.

Миллий мафкура эса маънавий қиёфани бойитишда янада муҳимроқ ўрин тутади. Чунки Президентимиз таъбири билан айтганда, “мафкура фақат бугун эмас, балки ҳамма замонларда ҳам энг долзарб сиёсий-ижтимоий масала, ҳар қандай жамиятни соғлом эзгу мақсадлар сари бирлаштириб, унинг ўз муддаоларига эришиши учун маънавий-руҳий куч-қувват берадиган пойдевор бўлиб келган”[1].

Ўқитувчи маънавий қиёфасини шакллантиришга йўналтирилган ишларни режалаштиришда, албатта, мактаб жойлашган вилоят, шаҳар, туманнинг шарт шароитлари, анъаналари, хусусиятларини, жойлардаги ижодий бирлашмалар, илмий марказлар билан ўзаро алоқа каби ишларни  инобатга олиш ҳам муҳим ўрин тутади. Мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарнинг кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик иш режаларида ўқитувчининг маънавий қиёфасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Уларда маънавиятни англаш, маънавиятнинг хусусиятлари, моҳияти, унинг таркибий қисмлари каби масалалар ўрин олса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўқитувчи шахсининг маънавий қиёфасида ватанпарварлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик каби маънавият тимсолларини шакллантиришда маънавият мезонлари, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Ўқитувчи ўз профессионал билим малакаларидан ташқари альатта ўз халқининг тарихини чуқур билиши, ота боболаримиз буюк меросини ўрганишда фаол бўлиши фақат ўзи учун эмас, балки катта тарбиявий  аҳамиятга эга.Ватанга, Ўзбекистон давлат рамзларига садоқат Миллий ғоя руҳида фикрлаш, шу билан бирга миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш мухитини яратиш, миллий одоб-ахлоқ меъёрларини тарбия жараёнига татбиқ этиш, меҳнатга ижобий муносабатда бўлиши ҳам ўзига хос мазмунга эга.

Бугунги кунда баъзи минтақаларда мафкуравий жараёнларнинг ғоят кескинлашиб кетиши ва уларни оқилона бартараф этиш зарурияти шу худуддаги давлатларнинг мавжуд иқтисодий, моддий-техник, интеллектуал имкониятларини сафарбар қилиб, биргаликда ҳаракат қилишларини талаб қилмоқда.  Бундан ташқари, мафкуравий зиддиятларни ҳал этишда, маънавий қадриятларнинг: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот масалаларига янги техник-технологик воситалар билан илмий-амалий ёндошишга эътибор бериш, уларни ечими самарадорлигини белгилайди.

Мафкура унсурларининг ижтимоий макон кўламига кўра, миллий ёки умуминсоний хусусиятлари бир-бирини истисно қилмайди, аксинча уларни конкретлаштириб ифодалайди. Шуни ҳам айтиш керакки, аксарият ҳолатларда, миллий характерга эга бўлган мафкура элементлари таъсир кўламини кенгайтириб, умуминсоний аҳамият касб этиши мумкин. И.Каримов таъбири билан айтганда: «мафкура жамиятда яшайдиган одамларнинг ҳаёт мазмунини, уларнинг интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Ҳар қандай инсон, табиийки, мурод-мақсадсиз яшай олмайди. Бинобарин, токи ҳаёт мавжуд экан, мамлакатлар, давлатлар ва уларнинг манфаатлари бор экан, улар ўз тараққиёт йўлини, эртанги кун уфқларини ўзининг миллий ғояси, миллий мафкураси орқали белгилаб олишга интилади».1 Зеро, мафкура миллат ижтимоий-маънавий қиёфасини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

 

[1] И.Каримов. Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюук келажакка ишончдир. Т.: Ўзбекистон, 2000. 8.Т. –Б.505

 

1 Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси – халқ этиқоди ва буюк келажакка ишончдир. Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. -Т.: Ўзбекистон, 2000. 8.Т. –Б.490. 

Жойлаштирди: Тохириён Абдуллохи Шерализода
Кўриб чиқилди: 2272