FOYDALI MANBALAR
Вилоятлар

Малака оширишнинг “Устоз-шогирд” анъаналари асосидаги усули: изланиш, муаммо ва ечимлар

       Мустақилликнинг биринчи онлариданоқ таълимга кўрсатилаётган ўзига хос эътибор мустақил мамлакатамизнинг ўзига хос тараққиёт йўлига эга эканлигидан далолат беради.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқида таъкидланганидек, давлатимизда ҳар йили таълим учун сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этади. Ҳолбуки, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич 3-5 фоиздан ошмайди.[1]

      Давлатимизнинг мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури бу йўналишдаги асосий тамойилларидан бирини – мактабларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, улар таркиби сифатини ошириш, ўқитувчилар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришни кучайтиришда белгилаб беради.   

“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 16 моддасида эса таълим муассасалари кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масаласи шундай шарҳ берилган: “Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш касб билимлари ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда янгилашни таъминлайди”.

Демак, агар малака ошириш тизимининг вазифаси касб билимлари ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда янгилашдан иборат бўлса, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги замон талабига қанчалик мослигини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш долзарб вазифалар сирасига киради. Биноан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги ”Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига асосан  халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган педагог кадрларнинг лавозим мажбуриятлари, уларнинг касбий тайёрланганлигига қўйиладиган умумий малака талаблари бўйича “Устоз-шогирд” мактаби ташкил этилди. ХТВ томонидан 2010 йил 1 июлдаги Ҳайъат қарори билан тасдиқланган “Педагог кадрларнинг узлуксиз малака оширишини «Устоз-шогирд» усулида ташкил этиш тўғрисида Низом» эса унинг фаолиятини  ташкил этишни таъмиинловчи меъёрий ҳужжат ҳисобланади.  

Авваламбор, “Устоз-шогирд” анъанаси малака оширишнинг узвий бир шакли сифатида ўрганилса, албатта унда халқимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида азалдан шаклланиб келаётган “таълимни-тарбиядан, тарбияни- таълимдан ажратиб бўлмайди” – деган шарқона ҳаёт фалсафасини кўриш мумкин. Қолаверса, “Устоз-шогирд” малака ошириш усули устознинг олдига шундай мажбурият ва вазифаларни юклайдики, бунда шогирдларнинг индивидуал режаси бўйича билим, кўникма, малакаларни ўзлаштириб боришларини, индивидуал режада белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида тўлиқ ва сифатли бажарилишини, шунингдек, узлуксиз малака ошириш жараёни мониторингини олиб боради. Яъни, устоз бевосита шогирдларининг дарсларини кузатади, таҳлил қилади, амалий-услубий тавсиялар беради, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозларидан самарали фойдаланиш бўйича уларга илғор педагогик тажрибаларни ўргатади ва амалиётга  татбиқ этишга  кўмаклашиб боради.

Шу билан бирга ушбу усулни қўллаш, ундан самарали фойдаланиш жараёнида албатта турли кўринишдаги муаммолар ҳам юзага келиши мумкин. Зеро баъзи ҳолатларда устознинг олдига қўйилган мажбурият ва вазифалар унинг ўз педагог фаолиятига ноқулайликлар тўғдириши эҳтимоли мавжуд. Масалан, шогирдларнинг билим, кўникма, малакаларни ўзлаштириб боришларини, белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида тўлиқ ва сифатли бажарилишини, узлуксиз малака ошириш жараёнини мунтазам назорат қилишда шогирд томонидан йўл қўйиладиган лоқайдлик, бепарволик каби камчиликлар устоздан ортиқча куч сарфлашни талаб қилади. Шу маънода, устоз учун қўшимча чора-тадбирлар режаси ёхуд механизми ишлаб чиқилмаган. Агар устоз шогирдларининг дарсларини кузатса, таҳлил қилса, амалий-услубий тавсиялар берса, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозларидан фойдаланиш бўйича уларга тажриба ўргатса ва амалиётга  татбиқ этишга  кўмаклашса, лекин шогирдни деярли якуний аттестациясига таъсир кўрсатиш технологияси мавжуд бўлмаса, шогирднинг рағбатланишига асос бўлмаса, ушбу анъананинг самараси номаълум қолиши мумкин. Устоз учун ўз кўрсатмалари натижавийлигининг мониторингини ташкил қилишга тавсиялар зарур бўлиши мумкин. Масалан, тегишли фан бўйича шогирд-ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси, илғор тажрибаларни ўрганиши ва амалга татбиқ қилиши, ўз фаолиятида инновациялардан фойдаланиши, ижодий, методик ёки илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиши, ҳамкасб ўқитувчилар орасида рейтингининг ортиши даражаси ҳисобга олиниши пухта йўлга қуйилиши лозим. Шу мақсадда балким устоз-ўқитувчиларни курсларда ҳамда турли ўқув семинар ва тренингларда тайёргарликдан ўтказиб туриш ҳам мақсадга мувофиқдир. Биноан, тадрижий равишда жорий этилаётган “Устоз-шогирд” анъанасини мунтазам такомиллаштирилиши малака ошириш тизимининг долзарб муаммоларидан бирига айланиши зарур. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар бўйича маълумотлар банки шакллантирилиши лозим. Устоз-ўқитувчи фаолият кўрсатадиган мактабларда “Касбий маҳоратни ошириш устахонаси” ташкил қилиниши ҳам устоз-шогирд малака ошириш механизмининг фойдали бўлишига хизмат қилади.

Хуш, “педагог кадрларнинг малакасини ошириш жараёнидаги бир усул сифатида “Устоз-шогирд” анъанаси ўқитувчиларга нима бериши мумкин? - деган саволга иккиланмасдан жавоб бериш мумкинки, ушбу усул аввало барча ўқитувчиларнинг, айниқса шогирд-ўқитувчининг ўз масъулиятини, маҳоратини шакллантиришга, фаолиятининг самарали ташкил этилишига, ниҳоят ўз касбига бўлган иштиёқини оширади. Чунки бу жараён таълим муассасасида узлуксиз малака ошириш жараёни сифатида ташкил қилинади.

Айни замонда “Устоз-шогирд” анъанасининг амалга оширилиши тегишли фан ўқитувчиларининг методик кунларида методик ва амалий билимларни ўрганиш бўйича ўқув, семинар, тренинглар шаклида ҳамда кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаб бориш бўйича ўзаро дарслар кузатиш, таҳлил қилиш шаклида олиб борилади.

Маълумотларга назар ташлаб, рақамлар тилида ифодаласак қисақача қуйидаги манзарани кўришимиз мумкин. Мамлакатимиздаги мактаблардан 20 та умумтаълим фанлари кесимида “Устоз-шогирд” мактаби йўналишига 2241 та мактаб қамраб олинган. 4000 нафарга яқин устоз-ўқитувчиларга 4000 га яқин 8-10 йил педагогик фаолиятга эга, касбий маҳорати устозлик даражасига яқин бўлган  1 тадан шогирд, 4000 га яқин педагогик фаолияти 5-8 йил бўлган 2 тадан шогирд, 4000 га яқин олий ўқув юртларини янги битириб келган ёш мутахассислардан иборат 3 тадан шогирд, жами 12.000 га яқин, уч тоифадаги шогирд-ўқитувчилар бириктирилган.

          Шу билан бирга, узвийлиги ва узлуксизлиги таъминланган ўқув дастурларини амалиётга жорий этишда бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар доирасида, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнида, умумтаълим фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш курслари ўқув режаларини узвийлаштирилган давлат таълим стандартларининг шарҳлари ҳамда ўқув дастурлари мазмунидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш лозим.

Уйлаймизки, “Устоз-шогирд” мактаби фаолиятини тизимли ва самарали ишлашининг  йўлга қўйилишига, ҳар ўқув йили якуни бўйича “Устоз шогирд” мактаби фаолиятининг диагностик таҳлилининг ўтказиб борилишига, эришилган ютуқлар ва юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этиш чораларининг кўрилишига малака ошириш тизими мутахассислари ҳам ўз салмоқли ҳиссаларини қўшиб, ушбу анъананинг самарали фаолият кўрсатиши йўналишида илмий, методик изланишлар олиб борадилар.

[1] ЎзбекистонРеспубликасиПрезидентиИсломКаримовнингБМТСаммитимингйилликривожланишмақсадларигабағишланганялпимажлисидаги нутқи, Халқ сўзи, 2010, 22 сентябрь

Жойлаштирди: Тохириён Абдуллохи Шерализода
Кўриб чиқилди: 3282